Бугун пойтахтимизда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши томонидан “Инклюзив таълим тизимидаги муаммо ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, юртимизда инклюзив жамият яратишга, таълим соҳасида инклюзивликни оширишга қаратилган стратегиялар, кенг қамровли дастурлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, бугун мамлакатимизда алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган махсус мактабларда 20,5 минг нафар, умумтаълим мактабларида 75 минг нафар бола таълим олмоқда. Шунингдек, 2 минг 23 та мактабда 3 минг 483 та инклюзив синфлар ташкил этилган бўлиб, уларда 4 минг 509 нафар ногиронлиги бор бўлган болалар таълим олмоқда.
Жорий йил якунига қадар қўшимча 9,5 минг нафар ногиронлиги бўлган болани оддий синфларга, 2 мингга яқинини эса инклюзив синфларга жалб этиш орқали қамровни 82 фоизга етказиш режалаштирилган.

Мулоқот давомида соҳадаги мавжуд муаммоларга эътибор қаратилди. Партия вакилларининг ўрганишларида маълум бўлганидек, инклюзив таълим жорий этилган мактабларнинг кўпида ногиронлиги бўлган шахсларнинг эркин ҳаракат қилиши учун “тўсиқсиз муҳит” яратиш ҳамда инклюзив таълимга жалб этилган болалар қўшимча шуғулланиши учун коррекцион хоналарни жиҳозлаш ишларига маҳаллий ҳокимликлар томонидан етарли даражада эътибор қаратилмаяпти.
Инклюзив таълим ва меҳрли мактаб фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимининг туман ва шаҳарларда масъул ходими йўқ. Бу эса инклюзив таълим жорий этилган мактаблар фаолиятини янада самарали ташкил қилиш, педагоглар, ўқувчилар ёки ота-оналарда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишда қийинчиликлар туғдирмоқда.
Тадбир давомидаги муҳокамаларда мутасадди вазирлик ва идоралар масъуллари бу борада ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ўзаро фикр алмашди.

Партия вакиллари, депутатлар инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Бу борада ҳудудларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳлари ҳудудларда инклюзив таълим билан боғлиқ масалаларни ўрганиб, сессиялар муҳокамасига олиб чиқиши, жойларда ижро ҳокимияти ва мутасадди идораларнинг ушбу йўналишдаги масъулиятини кучайтиришга ҳисса қўшиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ижтимоий адолат, ҳамма учун тенг имкониятлар яратиш, жамиятда ҳам, таълимда ҳам инклюзивлик юқори даражада бўлишини таъминлаш борасидаги дастурий мақсадлари ижросига хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА