Сўнгги йилларда инклюзив таълим масаласига алоҳида эътибор қаратила бошланди. Унинг афзалликлари-ю, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар борасида бир қанча амалий чора тадбирлар қўлланиб келинмоқда. Таълимнинг энг қуйи бўғинидан бошлаб инклюзивликни таъминлаш ишлари ҳам амалий тус олди.
Бироқ ҳали бу борада ечимини топиши лозим бўлган масалалар етарлича. Шу мақсадда мутахассислар ва ёшлар иштирокида турли семинарлар таълим ташкилотларида тез-тез ташкил этилмоқда.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида “VoiceUp” инклюзив ёшлар оромгоҳи иштирокчилари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда мамлакатимизда инклюзив таълим соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада мавжуд муаммолар ҳамда келгусидаги устувор йўналишлар хусусида сўз борди.

Иштирокчилар инклюзив таълим инфратузилмасини янада такомиллаштириш, таълим муассасаларида архитектуравий мослашувни таъминлаш, рақамли таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалалари юзасидан қатор амалий таклиф ва тавсиялар билдирди.
Тадбир сўнгида масъуллар асосли таклифлар ва муаммолар бўйича тизимли чоралар кўрилишини таъкидлади.
Шербек Исломов, ЎзА