Қарор ва ижро
Мамлакатимизда аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш борасида салмоқли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мазкур жараёнда ўзгалар қаровига муҳтож, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бор кишиларга бўлган эътибор ва ғамхўрлик ортганлиги таҳсинга сазовор.
Жумладан, Наманган вилоятида Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга қулай ва тўсиқларсиз муҳит яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бир қатор амалий ишлар олиб борилмоқда.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун жамиятда тўсиқсиз муҳит шакллантириш, уларнинг инфратузилма объектларидан бемалол фойдаланиши учун қулай шароит яратиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги қошидаги Ижтимоий инспекция Наманган вилояти бошқармаси ташаббуси билан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Наманган вилояти бошқармаси ҳамда Наманган шаҳри “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази биносида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.

Мазкур жараёнда вилоятдаги бир қатор жамоат ташкилотлари, хусусан, Ўзбекистон Ногиронлар ассоциацияси, Ногиронлар жамияти, Карлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти, “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси, Чернобилчилар ассоциацияси ҳамда “Инклюзив ҳаёт” ногиронлар жамоат бирлашмаси вилоят бўлимларининг масъул ходимлари иштирок этди. Қолаверса, семинар-тренинг давомида бино ва иншоотларни мослаштиришда шаҳарсозлик норматив қоидалари талабларига риоя қилиниши, келгусида имконияти чекланган шахслар учун яратиладиган шароитлар ана шу талаблар асосида ташкил этилиши лозимлиги таъкидланди.

– Амалий тадбирларнинг асосий мақсади мавжуд биноларни ўрганиш орқали уларни ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва мос ҳолга келтириш, шу орқали барча фуқаролар учун тенг имкониятлар муҳитини таъминлашдир, – дейди Ижтимоий инспекциянинг Наманган вилояти бошқармаси бош мутахассиси Исломхон Сайдаҳмадов. – Бунда амалий ҳамкорлик ва фикр алмашувлар катта аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Наманган вилоятида ижтимоий шериклик асосида бино ва иншоотларни мослаштириш, ногиронлиги бўлган фуқаролар учун қулайликлар яратиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
Мутасадди ташкилотлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва аниқ режалар асосидаги фаолият келгусида ҳам фуқаролар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ривожлантирилади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА.