Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инклюзив аукцион болаларга умид, ижодкорларга ишонч бахш этди
19:00 / 2025-12-02

Сирдарё вилоятида 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган инклюзив хайрия аукционида 48 та расм сотилиб, жами 200 миллион сўмга яқин маблағ тўпланди. Йиғилган маблағ аукционда иштирок этган болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг ўзларига йўналтирилади.

Аукцион “Биргаликда меҳр улашамиз!” шиори остида ўтказилди ва тадбирга вилоят аҳли, ижодкорлар ҳамда саховатпеша фуқаролар кенг жалб этилди. Тадбирда имконияти чекланган ёшлар томонидан яратилган 200 га яқин қўл меҳнати маҳсулотлари – картиналар, декоратив буюмлар ва санъат асарлари намойиш қилинди.

Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, аукционнинг мақсади нафақат маблағ йиғиш, балки жамиятда инклюзив муҳитни ривожлантириш, ижодкор ёшларнинг қобилиятини кенг жамоатчиликка танитиш ва уларнинг ўз кучига бўлган ишончларини мустаҳкамлашдан иборат.

Тадбирда ёш ижодкорлар ўз асарлари ҳақида маълумот беришди, айримлари саҳнада чиқишлар қилишди. Меҳмонлар эса харид орқали нафақат санъат асарларига эга бўлди, балки болаларнинг қувончларига қувонч қўшишди.

Залда ҳукм сурган самимийлик, бирдамлик ва миннатдорлик руҳи иштирокчиларда кучли таассурот қолдирди. Муҳит одамларни бир-бирига янада яқинлаштирди, эзгуликка даъват этди.

Аукцион иштирокчилари орасида Ховос туманининг Фарҳод маҳалласида истиқомат қилувчи ёш рассом Каромат Аҳмадқулова ҳам бор эди. У Ўзбекистон она табиатига бағишланган 8 та асари билан қатнашди. Бу асарларнинг ҳар бири 10 миллион сўмдан баҳоланди.

Каромат Аҳмадқулова мазкур тадбир унга янги руҳ ва ишонч берганини таъкидлаб, жумладан шундай деди:

– Мен инклюзив аукционда иккинчи бор иштирок этяпман. Бу менга қувонч, куч ва ҳаётга бўлган қизиқишимни янада оширди. Тасвирий санъатга муҳаббатимни мустаҳкамлади. Биз сингари инсонларни қўллаб-қувватлаётган давлатимиз раҳбарига, аукционни ташкил этишда жонбозлик кўрсатган вилоят раҳбарияти ва кенг жамоатчиликка ўз миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, бундай тадбирлар имконияти чекланган ижодкорлар учун катта рағбат ва келгуси ишларга илҳом манбаи ҳисобланади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири