French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инҳа университети миллий аккредитациядан ўтган биринчи халқаро университет бўлди
20:51 / 2021-02-27

Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Ўзбекистон таълим тизимига хорижий тажрибаларни жорий этишнинг долзарб масалаларига бағишланган халқаро форум бўлиб ўтди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев мамлакатимизда олий таълим муассасаларини аккредитациядан ўтказиш жараёнини нафақат давлат, балки халқаро стандартларга мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режаларга тўхталиб ўтди.

Ўзбекистонда Европа тажрибаси асосида Миллий малакалар рамкаси ишлаб чиқилди. Миллий малака даражаси ва дескрипторларига мувофиқ касб стандартлари ишлаб чиқилиб, шу асосда олий таълим ташкилотлари ўз таълим дастурларини ишлаб чиқмоқда. Яъни меҳнат бозори ва таълим хизматлари бозорини боғловчи яхлит тизим учун тамал тоши қўйилди. Бу талабаларнинг меҳнат бозоридаги рақобатдошлигини оширади, «ҳаёт давомида ўқиш» орқали меҳнат бозори ўзгаришларга тез ва харажатларсиз мослашиб кета олади.

Албатта, Миллий малакалар рамкаси самарали ишлаши учун таълим сифатини таъминлаш тизимини ҳам такомиллаштирдик. Европа стандартлари ва кўрсатмалари (ESG) асосида мазкур йўналиш учун янги институционал асос яратилди. Олий таълим муассасаларидан кутилиши мумкин бўлган жиҳатлар ишлаб чиқилди. Таълим сифатини ички ва ташқи таъминлаш тизими жорий этилди. Барча ОТМларда таълим сифатини ички таъминлашга масъул бўлимлар ташкил этилди. Ушбу тизимнинг мавжудлиги ва самарали ишлаши аккредитациядан ўтишнинг асосий шарти этиб белгиланди. Мазкур жараёнларга нафақат ОТМ жамоаси ва малакали экспертлар, балки иш берувчилар ва талабалар иштироки ҳам йўлга қўйилди.

Таълим дастурлари ва бериладиган квалификациялар Миллий малакалар рамкасига мувофиқ баҳоланиши жорий этилди.

ОТМлар тайёрлайдиган кадрларнинг меҳнат бозоридаги ўрни ва уларнинг кадр буюртмачилари томонидан эътироф этилиши аккредитациянинг асосий мезонлардан бири сифатида қабул қилинди. Аккредитация жараёнлари энди соҳадаги мустақил экспертлар томонидан ўтказилади.

– Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳам яқинда илк маротаба миллий аккредитациядан ўтказилди. – деди Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев. –  Ўрганиш жараёнида биз иккита муҳим жиҳатга гувоҳ бўлдик. Биринчидан, ОТМда таълим сифатини ички таъминлаш механизми самарали ишламоқда. Университет таълим сифатини таъминлашга ўзи масъул эканлигини англаган ҳолда ва таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида ҳар йили Кореядан мустақил баҳолаш гуруҳини таклиф қилиб, ўзини-ўзи баҳолатяпти. Баҳолаш натижалари ва таклифлари бўйича таълим сифатини янада ошириш бўйича тадбирларни амалга оширяпти. Иккинчидан, иш берувчилар томонидан университет битирувчиларининг билими ва малакаси юқори эътироф этилмоқда. Иш берувчилар билан ўтказилган сўровномалар ва интервьюларда ОТМ ва меҳнат бозори ҳамкорлигини амалда кўрдик. Талабалар иккинчи курсдан бошлаб ишлаб чиқаришнинг муаммоларига йўналтирилган лойиҳаларга жалб этилиши бизни қувонтирди. Соҳа мутахассислари ва иш берувчилар билан доимий равишда учрашувлар ташкил этилиши, мастер класслар ташкил этилишига гувоҳ бўлдик. Натижада мустақил экспертлар томонидан университет фаолияти ижобий баҳоланди ва аккредитацияланди.

Хусусан, университетларни аккредитациядан ўтказиш жараёни нафақат давлат стандартлари, балки халқаро стандартларга ҳам мувофиқлаштирилди. Ҳамкор мамлакатлар ўртасида маълумот алмашиш учун аккредитациядан ўтган таълим муассасаларининг реестри ҳам юритилмоқда.