Инглиз тилини ўқитиш учун 60 миллион АҚШ доллари йўналтирилади
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Швециянинг Education First (EF) компанияси директори Карл-Йоҳанн Вестринг англашув меморандумини имзолади.
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Швециянинг Education First (EF) компанияси директори Карл-Йоҳанн Вестринг англашув меморандумини имзолади.
Меморандумга кўра, EF компанияси Ўзбекистонда инглиз тилини ўқитишни такомиллаштиришга 60 миллион АҚШ доллари йўналтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик ҳам ривожланади.
Швециялик мутахассислар мамлакатимизда инглиз тилини ўрганишни хоҳловчи ўқувчи ҳамда ўқитувчилар билимини баҳолаб, малака ва кўникмаларини ошириш бўйича тренинглар ташкил этади.
Меморандумда ўқувчиларнинг инглиз тили бўйича билимини баҳолаш ва уларга турли ўқув дастурларини тақдим этиш ҳам кўзда тутилган. Ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши учун турли қўшма дастурлар ишлаб чиқиш ниятида.
– Халқ таълими вазирлиги ва Education First компанияси ўртасидаги ҳамкорлик ўқувчиларнинг инглиз тилини билиш даражасини оширади. Бу йигит-қизларимиз муваффақиятга эришиши учун қўшимча имконият яратади, – деди вазир Ш.Шерматов.
Ўзбекистон мактабларида қарийб 5,38 миллион ўқувчи инглиз тилини хорижий тил сифатида ўрганади. Education First компанияси эса инглиз тилини ўқитишга қаратилган турли ўқув дастурлари, методика ва педагогик ёндашувларни таклиф этувчи дунёдаги йирик ташкилотлардан биридир.