Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Британия Кенгаши ва Норвич тил таълими институти билан ҳамкорликда инглиз тили устозлари учун касбий ривожланиш тренинглари ташкил этилди.
Маҳорат дарслари Норвич тил таълими институти директори Том Киддле томонидан ўтказилиб, унда инновацион технологиялар асосида ўқитиш, ўқувчига йўналтирилган таълим, дарсларда замонавий методикалардан фойдаланиш каби мавзулар қамраб олинган.
«Мактаб чемпионлари» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ушбу тадбирда бутун республикамиздан устозлар иштирок этмоқда.
Тренинглар давомида ўқитувчилар ўртасида «Менинг касбий саёҳатим» мавзусида интерфаол машғулотлар ташкил этилди.
Унда устозлар дарс жараёнлари ҳамда касбий фаолиятлари давомидаги муҳим тажрибалар ҳамда методика ҳақида фикр алмашди.
Келгусида ушбу устозлар ўз ҳудудларидаги ҳамкасблари билан бу ерда ўрганган билимларини бўлишади.
Тренинг жараёнлари 12 июлга қадар давом этади.
Н.Усмонова, ЎзА