Каттақўрғон шаҳар Ингичка қўрғончасида Ингичка бойитиш фабрикасининг II навбати ишга туширилди.
Ўтган асрнинг 70 йилларида Ингичкада йирик руда қазиб олувчи конлар ва қайта ишловчи фабрика мавжуд эди. Аммо кейинчалик мазкур конларнинг иш унумдорилиги анча пасайиб, ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда бу ердаги конлар фаолияти ва ишлаб чиқаришни тиклаш учун амалий ишлар бошланди. Ўша йили лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилиб, йилига 100 тонна вольфрам концентрати олиш йўлга қўйилди, 80 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Собиқ Ингичка тажриба технология экспедициясининг фойдаланилмаётган бинолари негизида барпо этилган фабрикада 2023 йилда 5,7 миллиард сўмлик вольфрам концентрати олинди. 1,8 миллион долларлик экспортбоп 27 тонна вольфрам штабиклари тайёрланди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 миллиард сўмлик 36 тонна қаттиқ қотишмали композит маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Навоий кон-металлургия комбинати ва “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибий бўлинмаларига етказиб берилди.

Лойиҳанинг иккинчи – қайта ишлаб чиқариш навбатини ишга тушириш тадбирида Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон технологик металлар комбинати раҳбарияти, Самарқанд вилояти ва Каттақўрғон шаҳар ҳокимликлари масъуллари иштирок этди.
– Фабрикада 9 турдаги 43 та янги технологик ускуна ўрнатилиб, кимё лабораторияси, таҳлил лабораторияси, бойитиш тажриба цехи, маиший бинолар ташкил этилди, – дейди Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқарув раиси ўринбосари Зоҳид Ишмуҳаммедов. – Лойиҳага кўра, фабрикада Ингичка вольфрам конининг 12 миллион тоннадан зиёд техноген чиқиндилари қайта ишланади. Фабриканинг иккинчи навбати тўлиқ ишга тушгач, йилига 285 тонна тонна вольфрам концентрати олинади.

Фабрикани лойиҳалаштириш ишлари комбинатнинг лойиҳа ишлари бошқармаси томонидан, технологик ускуналарни ўрнатиш ва биноларни реконструкция қилиш ишлари “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан амалга оширилди.

– “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” акциядорлик жамияти тасарруфидаги Ингичка бойитиш фабрикасининг ишга тушиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилди, – дейди фабриканинг ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Фарҳод Шоназаров. – Илгари вольфрам рудадан олинган бўлса, бугун технологиялар янгиланиб, чиқиндидан вольфрам олиш йўлга қўйилди. Ингичкадаги ушбу фабрикада техноген чиқиндидан 40 фоизгача бўлган вольфрам қотишмаси олинади ва у комбинатда қайта ишланиб, тўлиқ ҳолатга келади. Айтиш керакки, мазкур фабрикадаги концентрат дунёдаги энг тозаларидан бири саналади ва дунё бозорида ўз ўрнига эга. Шунинг учун маҳсулотнинг 95 фоизи хорижга экспорт қилинади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири