Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш юзасидан парламент сўрови юборилди
11:39 / 2025-08-02

Сенат ялпи мажлисида ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда ҳудудларда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Хусусан, ўтган 7 йил давомида соҳани тартибга солишга оид 150 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Президент қарори билан тасдиқланган Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида жорий йил якунига қадар 1,6 триллион сўмлик 145 та ичимлик ва оқова сув объектида 803,4 км ичимлик ва 242,8 км оқова сув тармоқлари, 71 та ичимлик ва 26 та оқова сув иншоотларида қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш белгиланган.

Шу билан бирга, сенаторлар ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда, бош режа ва шаҳарсозлик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан боғлиқ ўз ечимини кутаётган айрим масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Сенат аъзолари томонидан айрим ҳудудлардаги инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солишда соҳага оид қонун ҳужжатларига тўла риоя қилинмаслиги, ноқонуний, айниқса, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда ўзбошимчалик билан амалга оширилаётган қурилишлар ва умумий фойдаланиш жойларини тўсиб олиш каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар талаб даражасида эмаслиги таъкидланди. 

Бундан ташқари, техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмаган, аниқ ҳисоб-китоби йўқ лойиҳаларга ташқи манбалардан маблағ жалб қилиш оқибатида халқаро молия институтлари маблағларидан бир йил ва ундан ортиқ муддатдан бери фойдаланилмасдан келинаётгани ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳокама якунида ушбу ва бошқа бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА