Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инфратузилма орқали ҳаёт фаровонлашмоқда
19:02 / 2026-02-05

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманидаги “Сардоба ёғ” пахта ёғи ва чорва озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонасида О’zLiDeP Оқолтин туман Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан “Инфратузилма – фаровонлик белгиси” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.

Тадбир давомида корхона фаолияти, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш жараёнлари атрофлича ўрганилди. Шунингдек, маҳаллий аҳолини бандлик билан таъминлаш чоралари ҳам таҳлил қилинди. Хитой технологияси асосида қурилган корхона йилига 3 минг тонна ёғ ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод кунлик 100 тонна пахта чигитини қайта ишлаб, тоза пахта ёғи, кир совун ва чорвачилик учун зарур озуқа маҳсулотлари каби беш хил тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради.

Ҳозирда корхонада 60 нафар маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган бўлиб, шундан 20 нафари ёшлар ҳисобланади. Ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилгач, қўшимча 70 та доимий иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Бу маҳаллада ижтимоий барқарорлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлашда муҳим қадам бўлмоқда.

–  Бундай корхоналар маҳаллий аҳоли учун нафақат иш ўрни яратади, балки инфратузилманинг аҳамияти ва самарадорлигини ҳам кўрсатади.Ёшларни банд қилиш, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш – биз учун устувор вазифалардан бири. Бизнинг мақсадимиз – маҳаллаларда иқтисодий ва ижтимоий фаровонликни таъминлаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва корхоналар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир, – деди тадбирда иштирок этган О’zLiDeP Оқолтин туман Кенгаши аппарати раҳбари Наргиза Мамажонова.  

Тадбирда шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги Оқолтин туман бўлими раҳбари Бахтиёр Маматқулов ҳамда партиянинг туман Кенгаши депутати Шавкатжон Муқимов иштирок этиб, завод раҳбарияти билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш, маҳсулотларни экспортга йўналтириш ва қувватни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Корхона таъсисчилари маълум қилишича, завод йилига 54 миллиард сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни сақлаш, қадоқлашдан тортиб истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча жараёнлар тизимли йўлга қўйилган. Бу нафақат корхона иқтисодий салоҳиятини кенгайтириш, балки аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда қўшимча иш ўринлари яратиш имконини беради.

“Инфратузилма – фаровонлик белгиси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш ва корхонанинг келгуси истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири