Қозоғистоннинг оммабоп “Инфозакон” электрон нашрида “Ўзбекистон Республикасида болалар камбағаллигини баҳолаш” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Муаллиф Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази UNICEF билан бирга мамлакатимизда болалар камбағаллиги даражасини монетар баҳолаганига эътибор қаратган.
Тадқиқотда ижтимоий ҳимоя тизимининг камбағаллик даражасига таъсири таҳлил қилинган. Ҳисоб-китобга кўра, ижтимоий нафақа бўлмаса, республикада болалар камбағаллиги даражаси 1,6 баробар ошади.
– Ҳисобот Статистика агентлиги томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда ўтказилган уй хўжаликлари бюджетини ўрганиш асосида тайёрланган, – дейилади мақолада. – 2021 йил ўтказилган сўровда 10 минг хонадон иштирок этган, ўтган йил эса мамлакат бўйлаб 16 мингдан зиёд оила ўрганилди.
Ўзбекистон уч йил ичида болалар камбағаллигини 7,8 фоиз камайтирди. Натижада мазкур кўрсаткич икки йилда 21,5 фоиздан 13,7 фоизга тушди.
Таъкидланишича, камбағаллик камайиши тенденцияси шаҳар ва қишлоқ ўртасида сезиларли даражада фарқ қилади. Хусусан, болалар камбағаллиги даражаси қишлоқ жойларида 24,6 фоиздан 14,5 фоизга, шаҳарларда эса 18 фоиздан 13 фоизга камайди.
– Шу тариқа Ўзбекистон барқарор ривожланишнинг
биринчи мақсади – 2030 йилгача ҳар қандай шаклдаги камбағалликни бартараф этишга содиқлигини намойиш этмоқда, – дея хулоса қилган “Инфозакон”. – Демак, болалар камбағаллигини монетар тарзда ўлчаш тегишли миссияни амалга ошириш йўлидаги муҳим қадамдир.
Г.Сатторова,
ЎзА