Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Инфолиб Ўзбекистон-2023” ХII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бошланди
14:29 / 2023-10-23

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан жорий йилнинг 23–27 октябрь кунлари “Инфолиб Ўзбекистон-2023” ХII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўтказилмоқда.

Ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилмоқда.  

“Инфолиб Ўзбекистон-2023” ХII Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ахборот-кутубхона соҳасини янада ривожлантириш, аҳолига ахборотлар олишнинг манбаи, шакл ва методларини етказиш, ахборот-кутубхона фойдаланувчиларига хизмат кўрсатиш, китобхонлик ва китоб мутолаасини тарғиб қилиш, ёшларнинг интеллектуал билими ва савиясини оширишга қаратилган тадбирлар орқали уларни кутубхоналарга қизиқишини оширишдан иборат.  

Ёш авлоднинг сифатли таълим олиши ва баркамол шахс бўлиб вояга етишини таъминлаш, шунингдек, ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқишга бўлган қизиқишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган 5 муҳим ташаббусни жорий этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан ҳафталик доирасида “Ёш кутубхоначи: Интилувчан, Изланувчан, Иқтидорли” шиори остида “Янги Ўзбекистон кутубхоначилари – янги куч, янги имкониятлар, янги марралар” Ёш кутубхоначилар форуми ҳам ўтказилмоқда.  

Аввалги форум иштирокчиларининг қизиқиш ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда бу йилги форум доирасида қўшни мамлакатлар кутубхоналарининг ижобий тажрибасини ўрганишга бағишланган суҳбатлар, ёш кутубхоначи мутахассислар иштирокида касбий ривожланишга доир мулоқот, кутубхоначилик соҳасида ахборот технологиялари янгиликлари, семинар-тренинглар, психологик маслаҳатлар, муваффақиятга эришиш сирлари, суратга олиш ва тушиш маҳорати бўйича давра суҳбатлари ўтказилиши режалаштирилган.  

Шу билан бирга, нашриётлар иштирокида китоб кўргазмалари, ярмаркаларини ташкил этиш, мутахассисларнинг маънавий-маданий билимларини оширишга йўналтирилган тадбирлар, маҳорат дарслари, викториналар, таниқли фан ва маданият намояндалари, санъаткор ва ижодкорлар иштирокида ижодий учрашувлар ўтказилади. Театрлаштирилган чиқишлар намойиш этилади.  

Ҳафталик дастуридан “Бетгерхонлик-2023. Янги Ўзбекистон кутубхоналари – билим ва тараққиёт маскани” мавзусида илмий анжуман, ёш кутубхоначилар учун амалий тренинг, “Кутубхоналар тарғиботида замонавий усулларни қўллаш” (СММ, ижтимоий тармоқларда контент юритиш), “Маънавият” нашриётида чоп этилган “Беруний илмий-фалсафий мероси Ғарб олимлари талқинида” китобининг тақдимоти ҳамда ижодкорлар билан учрашув, “Ренессанс кутубхоналари – янги авлод кутубхонаси: менинг фикрим минбари” рукнида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси раҳбарининг ёшлар билан очиқ мулоқоти, “Ғоядан натижагача” Постерлар танлови, “Абдулла Орипов” фильми ижодкорлари билан “Йиллар картинаси” мавзусида ижодий учрашувлар кўзда тутилган.  

[gallery-14168]

Ҳафталикнинг ҳар бир куни “Учрашувлар куни”, “Касбий маҳорат куни”, “Илм-фан куни”, “Китобхонлар куни”, “Тарих ва санъат уйғунлиги куни” деб номланиб, уларнинг доирасида юздан ортиқ анжуманлар, семинарлар, ижодий мулоқотлар, ижодкор зиёлилар билан учрашувлар, хотира кечалари, танловлар, форумлар, викториналар, адабий тадбирлар, янги китобларнинг тақдимотлари ўтказилиши ,белгиланган.  

Назокат Усмонова,

Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА