Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Инфляция даражаси 2021 йилда 10 фоизгача пасайтирилади
14:09 / 2019-11-26

Маълумотларга кўра, ҳозирда 40 ортиқ ривожланган ва ривожланаётган давлатлар тажрибаси пул-кредит сиёсатида энг самарали йўлларидан бири - инфляцион таргетлаш усули эканини кўрсатмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказиш чораларини кўради.

Маълумотларга кўра, ҳозирда 40 ортиқ ривожланган ва ривожланаётган давлатлар тажрибаси пул-кредит сиёсатида энг самарали йўлларидан бири - инфляцион таргетлаш усули эканини кўрсатмоқда. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Украина шулар сирасидандир. Уларнинг сони йилдан йилга кўпаймоқда.

Айни вақтда бу режимнинг афзаллиги, ютуқлари нимада иборат ва нега биз бу йўналишга ўтишимиз сабабларига Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги ҳамкорликда ўтказган матбуот анжуманида изоҳ берилди.

– Инфляцион таргетлаш бу ҳозирги пул кредит сиёсатининг замонавий режими, – дейди ўз маърузасида Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов. – Бу нафақат пул-кредит сиёсати балки, бутун макроиқтисодий сиёсатни амалга ошириш, инфляцияни паст даражада ушлаб туриш мақсадида амалга оширилади.

Халқаро тажрибада унинг учта асосий шакли мавжуд. Валюта курсини таргетлаш, монетар ва инфляцион таргетлаш бўлади. Хўп, улар бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?. Валюта курси олдиндан эълон қилинади. Бу охир оқибатда давлатнинг валюта захирасини камайиб кетишга ёки иқтисодий ўсишда маълум бир ҳолатларни юзга келтиради. Бу Қозоғистонда 2015, Россияда 2014 йилгача қўлланилди. Иқтисодий вазиятни ёмонлашуви валюта курсини таргетлаш режими замон талабига жавоб бермаслигини кўрсатди.

Монетар усулда пул массасининг миқдори белгиланади. Буни ҳаммамиз биламиз, бошимиздан ўтган. 2016 йилгача бўлган нақд пул олишдаги муаммолар, ёки пул массасини ўсиши чегаралаб қўйилгани учун аҳоли кредит ололмай сарсон бўларди. Чунки, бу масалаларда мақсадли кўрсаткичлар мавжуд эди ва ундан чиқиб бўлмасди.

Бу нимага олиб келди? Халқнинг ҳақли эътирозига, бозор иқтисодиётига ўтишни ортга сурилишига сабаб бўлди.

Шу тариқа ўз мулоҳазаларини давом эттирган Марказий банк раис инфляцион таргетлашни танлаган давлатлар 2007-2009 йиллардаги глобал молиявий инқироздан иқтисодиётида ўсиш бир оз пасайган бўлса-да, катта талафотларсиз чиққанини қайд этди.