Инфантино Украинадаги “Миротворец” базасига киритилди
ФИФА раҳбари Жанни Инфантино Украинада фаолият юритувчи “Миротворец” маълумотлар базасига киритилди. Ушбу рўйхатга, одатда, миллий хавфсизликка эҳтимолий таҳдид, дея баҳоланадиган шахслар ҳақидаги маълумот жойланади.
Маълум қилинишича, бу қарор Инфантинонинг 2 февраль куни берган баёноти билан боғлиқ. Яъни, ФИФА президенти Россияга нисбатан жорий этилган санкция кутилганидек самара бермаганини айтган ва РФ клубларини халқаро мусобақаларга қайта қўшиш масаласини муҳокама қилиш таклифини илгари сурган.
"The Times" нашри эса Европа давлатлари томонидан кескин қаршиликка учраши эҳтимоли сабаб, ФИФА Кенгаши бу масалани расмий кун тартибига киритмасликка қарор қилгани ҳақида ёзди. Демак, Россия клубларининг халқаро турнирлардаги иштироки масаласи ҳозирча очиқ қолмоқда.
Ф. Яхшибоева, ЎзА