Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Indorama Corporation” компанияси Фарғонада янги лойиҳаларни амалга оширади
18:00 / 2023-10-08

Ўзбекистонга келган Сингапурнинг “Indorama Corporation” компанияси раиси Шри Пракаш Лохия бошчилигидаги делегация ташрифини Фарғона вилоятидан бошлади.

“Indorama Corporation” юртимизга пахта ва тўқимачилик саноати ҳамда бошқа соҳаларнинг ривожи йўлида йирик инвестиция киритаётган компаниядир. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши янада катта имкониятлар эшигини очмоқда.Компания мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида кўплаб истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни бошламоқда.  

Делегация аъзолари дастлаб Қўқон шаҳридаги “Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals” акциядорлик жамиятида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.

[gallery-13914]

“Қўқон суперфосфат заводи” фаолиятини диверсификация қилиш мақсадида 2019 йилда унинг  96 фоиз акциялари “Indorama Corporation” компаниясига сотилиб, бу ерда кенг кўламли модернизация ишлари амалга оширилди. Натижада ишлаб чиқариш қуввати йилига 75 000 тоннадан 350 000 тоннага етказилди. Шунингдек, Испания, АҚШ, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Хитой давлатларининг етакчи компанияларидан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилди. Айни кунларда қишлоқ хўжалиги соҳаси учун сифатли минерал ўғит ишлаб чиқарилмоқда.

Бу ерда умумий қиймати 70 миллион доллар бўлган икки босқичли инвестиция дастурининг биринчи босқичи доирасида суперфосфат ишлаб чиқариш тармоғи ишга туширилди. 500 киши иш билан таъминланиб, ишлаб чиқариш қуввати беш баробарга оширилди. 2021 йилда суперфосфат, сувда тез эрувчан комплекс минерал ўғитлар, азот-фосфор-калийли (НПК) минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган янги линиялар ишлай бошлади.  

Айни кунларда мазкур акциядорлик жамиятида 40 миллион доллардан ортиқ инвестиция ҳисобига иккинчи босқич лойиҳаси  амалга оширилаётган бўлиб, янги линияларни қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. 2024 йилнинг биринчи чорагида ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳа натижасида 100дан зиёд иш ўрни яратилади, йилига 24 миллион долларлик уч турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бўлади.  

“Indorama Corporation” компаниясининг Фарғона вилоятидаги илк лойиҳаси бўлган “Indorama Kokand Textile” корхонасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар юқори сифати билан жаҳон бозорида харидоргир. Бу ерда 50 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Мингдан ортиқ аҳоли иш билан таъминланган. Корхонада халқаро даражадаги хавфсиз ишлаб чиқариш тизими йўлга қўйилган, бу йўналиш ISO ва бошқа сертификатларга эга. Жорий йилнинг ўтган даврида 25 миллион долларлик тўғридан тўғри инвестиция киритилди. Ўтган йилда 110 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Йилдан-йилга маҳсулот сифатини яхшилаш мақсадида модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Компания делегацияси бу ердаги иш жараёнини юқори баҳолади. Ишчилар билан мулоқот қилиниб, тўқимачилик саноатида сифат муҳим ўрин тутиши таъкидланди.

Хорижий компания хайрли ташаббуслар, ижтимоий лойиҳаларда ҳам доимо фаол. Қўқон шаҳридаги болалар шифохонасида ҳомийлик асосида реконструкция  ишлари бажарилиб, 50 ўринли неврология ва эрта туғилган чақалоқлар бўлими биноси  фойдаланишга топширилди. Ушбу бино таъмирланишига 2 миллиард 465 миллион сўм маблағ сарфланди. “Indorama Corporation” делегацияси аъзолари мазкур шифохонада яратилган шароитлар билан танишди, бу каби эзгу ишлар тизимли давом этишини билдирди.

–Ўзбекистон бизнинг яқин ва ишончли дўстимиз, –дейди Сингапурнинг “Indorama Corporation” компанияси раиси Шри Пракаш Лохия.– Айниқса, Президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг биз каби инвесторларни қўллаб-қувватлаши катта мадад ва куч бўлмоқда. Юртингиз жуда тез ривожланиб бормоқда. Тўқимачилик саноати ҳам шундай. Биз эндиликда агробизнес ва бошқа соҳага ҳам йирик инвестиция киритяпмиз. Юртингизда яна кўплаб лойиҳаларни амалга оширамиз. Бугунги ташрифимизнинг мақсади шундай.

“Indorama Corporation” компанияси делегацияси аъзолари “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида бўлди. Бу ердаги амалга оширилиши режалаштирилаётган модернизация лойиҳаларини кўздан кечиришди.

Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан «Фарғонаазот» акциядорлик жамияти устав капиталидаги 99,02 фоиз акциялар пакетини хусусийлаштириш бўйича тендер якунлари жамият акциялар пакетини 130 миллион АҚШ доллари ва 107 миллиард сўмга сотиб олиш ҳамда инвестиция киритиш шарти билан «Indorama Сorporation Pte Ltd» компанияси савдо ғолиби этиб топилган.  

Президентимизнинг жорий йил 27 июлда қабул қилинган “Фарғонаазот” акциядорлик жамиятида мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш ҳамда ички ва ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида  хорижий инвестицияларни жалб этган ҳолда кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини модернизация қилиш ва янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини татбиқ этиш режалаштирилган.

 

М.Сулаймонов,  

М.Қодиров(сурат), ЎзА мухбирлари.