Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Индонезиянинг Папуа олтин конида кўчки содир бўлди
11:51 / 2025-05-19

Индонезиянинг Папуа ороли шарқий минтақасидаги олтин конида кучли ёмғир туфайли кўчки юз берган. Қутқарувчилар ҳодиса туфайли бедарак йўқолган 19 кишини қидирмоқда. Бу ҳақда “Arab News” хабар берган.

Табиий офатлар оқибатини юмшатиш агентлиги вакили Абдул Мухарий айтишича, жума куни кечқурун кучли ёғингарчилик кузатилиб, Ғарбий Папуа музофотидаги Арфак тоғида маҳаллий аҳоли бошқарувидаги кичик конда кўчки содир бўлган.

– Кўчки кончилар фойдаланаётган вақтинча бошпанагача етган, – дейди мулозим. – Натижада камида бир киши ҳалок бўлган, тўрт одам жароҳатланган. 19 ишчининг тақдири номаълум. Йўқолганларни қидириш учун 40 нафар қутқарувчи, полиция ходимлари ва ҳарбийлар юборилган. Индонезияда минерал ресурслар ҳукумат томонидан тартибга солиниши қийин ҳудудлар кўп, кичик конлардан тиллани ноқонуний қазиб олиш ҳолатлари етарли. Табиийки, бахтсиз ҳодисалар ҳам тез-тез рўй беради.

Маҳаллий қутқарув гуруҳи раҳбари Йефри Сабаруддин “Reuters” агентлигига маълум қилишича, қидирув ишлари фожианинг эртасига, яъни якшанба куни бошланган: мутахассислар воқеа жойига етиб бориши учун камида 12 соат вақт кетган.

– Бузилган йўллар, тошли дара, шунингдек ноқулай об-ҳаво амалиётни қийинлаштирмоқда, – дея қўшимча қилган Йефри. – Қурбонлар сони ортиши мумкин.

М.Пирматова, ЎзА