Бухорода Ўзбекистоннинг Индонезиядаги элчихонаси ташаббуси ва Бухоро вилояти ҳокимлиги, вилоят туризм бошқармаси ҳамкорлигида Ўзбекистон-Индонезия форуми ташкил этилди.
Тадбирда Индонезиянинг йирик туристик компания раҳбарлари, журналист ва блогерлар, шунингдек, вилоятдаги туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари, соҳа вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров очиб, меҳмонларни қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрига ташриф билан қутлади. У Бухоро вилоятида туризм йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ислом меъморчилиги, буюк алломалар, муқаддас қадамжолар, Бухоро вилоятининг ўзига хос маданияти, урф-одат ва анъаналари ҳақида сўзлади.
[gallery-21957]
Тадбирда Бухоро вилоятининг туризм салоҳияти ҳамда сайёҳлик жозибадорлигини акс эттирувчи тақдимот ўтказилди. Ўз ўрнида индонезиялик меҳмонлар нафақат туризм балки маданият, кинематография ва медиа соҳаларда ҳамкорлик қилишга катта қизиқиш билдирди.
Шунингдек, форум доирасида “B2B” форматида йигирмадан ортиқ учрашувлар ташкил этилди. Бухоро ва Индонезия ўртасида сайёҳлар оқимининг алмашинуви бўйича қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Меҳмонлар ўз саёҳатларини Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади. Уларга Нақшбанднинг ҳаёти, ислом дини ривожига қўшган улкан ҳиссаси, шунингдек, зиёрат объектларида яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, инфо-тур давомида делегация вакилларининг Арк қўрғони, Пойи Калон мажмуаси, ҳунармандчилик марказлари, Тоқи Заргарон, Тоқи Саррафон, Тоқи Телпакфурушон, Чор Минор мадрасаси каби диққатга сазовор объектлар бўйлаб мазмунли саёҳатлари амалга оширилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари