Индонезияда табиий офатлардан ҳалок бўлганлар сони ортмоқда
Индонезиянинг Суматра оролида сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 914 кишига етди, деб хабар бермоқда “Antara News” нашри.
Мамлакат Миллий табиий офатларни бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг 359 нафари Ачеҳ вилоятидан, 329 нафари Шимолий Суматрадан ва 226 нафари Ғарбий Суматрадан бўлган. Айни пайтда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, ўлкада муссон ёмғирлари ва тропик циклон туфайли юзага келган табиий офатлар миллионлаб аҳолига жиддий зарар етказмоқда.
Индонезия ҳукумати зарар кўрган ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилди ва озиқ-овқат, дори-дармонларни етказиб бериш учун вертолётлар ҳамда самолётлардан фойдаланишни ўз ичига олган кенг кўламли гуманитар ёрдам операциясини бошлади.
Ҳисоб-китобларига кўра, сув тошқинларидан 3 миллиондан ортиқ одам жабр кўрган.
Г.Сатторова, ЎзА