Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Индонезияда кучли вулқон отилгач, Балига рейслар бекор қилинди
16:21 / 2025-07-07

Душанба кунидан Индонезиянинг Бали оролига ўнлаб рейс бекор қилинди, чунки уйғонган вулқон 18 километр тепага улкан кул заррасини сочди.

– Флорес сайёҳлик оролидаги Левотоби Лаки Лаки вулқони эрталаб соат 11:05 да отилди, – дея хабар берган Вулқоншунослик агентлиги. – Кул устуни чўққидан тахминан 18 000 метр баландликка кўтарилди. Натижада Бали халқаро аэропортида 24 та рейс бекор қилинди.

Баъзи компаниялар рейсларни бекор қилганига қарамай, аэропорт раҳбари “вулқон кули тарқалиши оролнинг ҳаво ҳудудига таъсир қилмагани”ни айтди. Агентлик кучли ёмғир пайти, айниқса, дарё яқинидаги аҳоли манзилларида хавфли лаҳор тошқини – сел ёки вулқон моддаси оқими юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ. Геология идораси раҳбари Муҳаммад Вафид баёнотида айтилишича, вулқон фаоллиги “жуда юқори, портлаб отилиш ва доимий силкиниш хусусияти билан ажралиб туради”.

Шунингдек, аҳоли табиий ҳодиса ўчоғидан камида олти километр масофада туриш, кулдан ҳимояланиш учун ниқоб кийишга чақирилган. Индонез тилида “эркак” маъносини англатувчи, 1584 метрга тенг Лаки Лаки “аёл” сўзига нисбатан Перемпуан дея номланган тинчроқ, аммо баландроқ 1703 метрли вулқоннинг эгизагидир. Кенг архипелаг давлати ҳисобланган Индонезия Тинч океандаги “Олов халқаси” ичида жойлашгани боис, тез-тез сейсмик ва вулқон фаоллигини бошдан кечиради.

М.Пирматова, ЎзА