Индонезияда бўйи беш метр келадиган улкан илон аёл кишини ютиб юборди. Ҳодиса қурбонининг жасади бир кундан кейин судралувчи ошқозонидан чиқариб олинди.
Маҳаллий ОАВ маълумотига кўра, бахтсиз воқеа Жанубий Сулавеси музофотидаги Калемпанг қишлоғида содир бўлган. 6 июнь куни 45 ёшли аёл уйидан чиқиб, қалампир сотиш мақсадида ўрмон бўйлаб бозорга кетган.
Жувон уйига қайтмагач, яқинлари хавотирга тушган ва қишлоқ аҳлини қидирувга чақирган.
Эртаси куни одамлар чакалакзорда қорни бўртиб турган беш метрли улкан питонни учратди. Ҳамқишлоқлар жиддий шубҳа уйғотган жониворни ўлдириб, судралиб юрувчининг ошқозонидан марҳумани тортиб олишди.
Шунга ўхшаш ҳодиса 2017 йил ҳам содир бўлган эди. Ўшанда воқеадан икки кун ўтиб, етти метрли илон қорнидан эркак киши жасади чиққан.
Индонезия ва Филиппинда узунлиги олти метрдан ошадиган улкан питонлар жуда кўп. Заҳри йўқ бундай илонлар камдан-кам ҳолда инсонга ҳужум қилади, асосан майда жониворларни овлайди.