Индонезияда ер “аксирди”
Расмийлар мамлакатда жиддий огоҳлантириш “қўнғироғи”ни чалганидан ҳеч қанча вақт ўтмай, Индонезиядаги энг фаол вулқонлардан бири осмон узра кул сочди. Бу ҳақда “BBC” нашри маълум қилмоқда.
Табиий офат Левотоби Лаки-лаки тоғида маҳаллий вақт билан соат 17:35да содир бўлди ва Флорес ороли тепасида улкан булутни ҳосил қилди. Вайронагарчилик ва қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам мазкур ҳудудда вулқон бир неча марта отилиб, тўққиз киши ҳалок бўлган ва минглаб одамлар яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган эди.
Ўлка Табиий офатлар оқибатларини юмшатиш миллий агентлиги аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилишга ундамоқда, сабаби силкинишлар ҳали ҳам аниқланмоқда, бу эса вулқон фаоллигидан далолат беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА