Ҳиндистонлик тадбиркор: “Ўзбекистонда таълим йўналишидаги лойиҳаларга қизиқиш юқори”
Ҳиндистонлик тадбиркор жорий йилнинг февраль-март ойларида Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишганини маълум қилди.
25 август куни мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси томонидан Уттар-Прадеш штатида жойлашган “G.D. Goenka Public School” хусусий мактаблар тармоғи бошқарувчи директори Чандан Агарвал билан видеомулоқот ўтказилди.
Ҳиндистонлик тадбиркор жорий йилнинг февраль-март ойларида Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган имкониятлар билан яқиндан танишганини маълум қилди.
Сафар якунларига асосан, Ч.Агарвал мактабгача таълим ва спорт йўналишларида кичик кўламли лойиҳаларга ҳинд компаниясида қизиқиш пайдо бўлганини таъкидлади.
Хусусан, у Тошкент шаҳри ва вилоятларда босқичма-босқич спорт клубларини ташкил қилиш ва мазкур клубларда бошқа спорт турлари билан бир қаторда йога машғулотларини йўлга қўйиш бўйича лойиҳани амалга ошириш режаси борлигини билдирди. Бундан ташқари, яқин истиқболда инглиз тилига ихтисослашган мактабгача таълим муассасаларини очиш истагини ҳам маълум қилди.
Суҳбат давомида ҳиндистонлик тадбиркорга Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги инвестиция ва савдо соҳаларидаги устувор йўналишлар ва долзарб лойиҳалар бўйича батафсил маълумот берилди. Қайд этилган лойиҳаларга амалий қадамларни қўйиш мақсадида Ч.Агарвал жорий йил якунига қадар Ўзбекистонга ташриф буюришини таъкидлади.
“G.D.Goenka Public School” хусусий мактаблар тармоғи Ҳиндистондаги етакчи компаниялардан бири “Goenka Group” таркибига киради. Ушбу тармоқ доирасида мусиқа, теннис, бадминтон ва крикетга ихтисослашган мактаблар ҳам фаолият юритмоқда.