Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистонлик мутахассис: Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантириш учун имкониятлар етарли
09:14 / 2020-10-09


Ўзбекистон олий таълим тизимининг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш доирасида мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва “People Hive LLC” компанияси раиси Паван Абраҳам ўртасида видеомулоқот ўтказилди.

“People Hive LLC” компанияси 15 йил аввал ташкил этилган бўлиб, ҳозирги вақтда АҚШ ва Ҳиндистонда бир неча филиалларга эга. Компания раиси П.Абраҳам бир вақтнинг ўзида Ҳиндистон Бирлашган савдо-саноат палатаси Шимолий Америка бўлими президенти сифатида фаолият юритади. Ушбу компания халқаро лойиҳалар учун тегишли мутахассисларни саралаш ва етказиб бериш, АКТ хизматлари кўрсатиш бўйича консалтинг ташкилоти ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳозирги вақтда “People Hive LLC” хорижда сифатли таълим олиш истагида бўлган ёшларга тегишли маслаҳат ва хизматларни тақдим этиб келмоқда.

Бухоро давлат тиббиёт институти ва “People Hive LLC” компанияси ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик доирасида 2019 йил июль ойида Ҳиндистоннинг бир қатор штатларида Ўзбекистон олий ўқув юрти фаолиятига бағишланган тақдимотлар ташкил этилди. Мазкур институтда таҳсил олиш истагида бўлган ҳиндистонлик ёшлар билан мулоқотлар ўтказилди. Натижада 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб 50 нафарга яқин ҳинд фуқаролари Бухоро давлат тиббиёт институтида таълим олиш имконига эга бўлди.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Бухоро давлат тиббиёт институти жорий йил 25 сентябрь куни Ҳиндистоннинг Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш бўйича меморандум имзолади. Бу бугунги пандемия шароитида ҳинд талабаларининг ўз ватанларида туриб таҳсил олишлари учун ҳам қулай имконият яратади.

Суҳбат давомида “People Hive LLC” компанияси раҳбарига қисқа муддатларда амалга оширилган самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирилди ва ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш бўйича ўзаро фикр алмашилди.

П.Абраҳам Ўзбекистондаги олий таълим тизими асосларига баҳо берар экан, уни Марказий Осиёдаги халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантириш учун барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.

“People Hive LLC” компанияси раиси тиббиёт таълими билан бир қаторда ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари сифатида муҳандислик, АКТ, сунъий интеллект, менежмент, қишлоқ хўжалиги, хусусан, интенсив балиқчилик ва шоличилик каби таълим йўналишларини санаб ўтди. Мутахассис фикрича, бугунги кунда Ҳиндистонда талаб юқори бўлган мазкур йўналишлар бўйича олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши Ўзбекистон олий таълим тизимининг халқаро жозибадорлигини янада ошишига хизмат қилади.