Ҳиндистонда карантинни бузганлар ўзига хос тарзда жазоланмоқда
Тартиббузар сайёҳлар АҚШ, Австралия, Мексика ва Исроилдан келишган экан.
Ҳиндистоннинг Уттараханд штати полицияси коронавирус туфайли мамлакатда жорий қилинган карантин тартибини бузган 10 нафар хорижликни кечирим сўраб қоғозга 500 марта ёзишга мажбур қилди, деб хабар қилади Indian Express газетаси.
Ҳиндистон ҳукумати коронавирус пандемияси шароитида 25 мартдан 14 апрелгача мамлакатда карантин эълон қилганди. Ҳукумат аҳолини сабабсиз кўчага чиқмасликка чақирмоқда. Мамлакатда жамоат транспортлари, жумладан, такси хизмати, метро ва темир йўллар ҳаракатига чеклов белгиланган. Шунингдек 14 апрелгача барча ички ва халқаро авиарейслар тўхтатилган.
“Бу тартиббузарлар чет эл фуқаролари. Улар огоҳлантирилган ва ўзлари яшаб турган меҳмонхоналарда қолиш сўралган. Уларнинг ҳар бири қоғозга “Мен тартибларга амал қилмадим, кечирим сўрайман“, деб 500 марта ёзишга мажбур қилинди“, – деди маҳаллий полиция вакили.
Тартиббузар сайёҳлар АҚШ, Австралия, Мексика ва Исроилдан келишган экан.
Полиция маълумотига кўра, мазкур округда турли мамлакатлардан келган 500 га яқин турист бор. Полиция барча меҳмонхоналарга меҳмонлар билан бирор бир кўнгилсизлик рўй бермаслиги учун уларни кузатиб туришни сўраган. Ушбу кўрсатмаларга амал қилмаган меҳмонхоналар судга тортилади, деди полиция маҳкамаси вакили.
Охирги маълумотларга кўра, Ҳиндистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 9 минг 152 та ҳолат қайд этилган, 308 бемор вафот этган.