Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳиндистон ва Покистон. Уйқудаги урушнинг уйғониши
11:20 / 2019-11-04

Урушни уйғотган сабаб


Урушни уйғотган сабаб

Нарендра Моди Ҳиндистонда ҳокимият тепасида бўлган даврда Кашмирда вазият анча ёмонлашди. Тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сонининг кўпайиши, исёнчилар авлодининг ўзгариши, минтақада кучайиб бораётган зиддият,ушбу можаронинг айрим факторларидир.

Кашмир можароси - вақти-вақти билан эътиборга олинадиган ва узоқ вақтдан бери давом этаётган тўқнашув. 2019 йил 14 феврал куни Пулвама туманида полициячиларни олиб кетаётган автобусга ҳужумни Кашмирдаги террористик ташкилот “Жаиш Муҳаммад” ўз зиммасига олди. Ҳиндистон полициясининг 45 ходимининг ўлими, яна бир бор Жанубий Осиёда уруш бўёқларнинг кучайишига олиб келди.

Кўпчилик Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги адоватнинг марказий ўқи сифатида тан олинадиган Кашмир муаммоси ҳал қилинса, икки давлат ўртасидаги ёмон муносабатлар тугашига ишонади. Аммо бу бироз содда нуқтаи назар. Ҳар бир мамлакатнинг миллий ривоятлари қарама-қарши версиялар атрофида айланади ва Кашмир резолюцияси бу икки мамлакатнинг ҳар бири, янги ривоят асосида ўзларининг миллий ўзига хослигини ўзгартиришлари кераклигини англатади. Бу мумкин бўлган, аммо жуда мураккаб нарса.

Можаро тарихига назар

Вақт ўтиши билан шиддат билан ўзгариб турадиган ушбу можаро 1947 йилдан бери, яъни Ҳиндистон бўлинган йил ва ушбу ҳудуд атрофида Деҳли ва Исломобод ўртасида биринчи уруш бошланганидан бери давом этмоқда. Исёнчилар 1988 йилда Кашмирда ҳаракат қила бошлаганларидан бери қарама-қаршилик 45000 га яқин одамнинг ўлимига сабаб бўлди. Советлар Афғонистонга бостириб кирганидан кейин, Покистонда Кашмирдаги нотинчликлардан Ҳиндистонга қарши фойдаланиш учун имкониятлари пайдо бўлганидан бери, зўравонликнинг ўсиши кузатилмоқда.

Покистоннинг ҳарбий ва разведка кучларининг ҳаракат ўқи, Ҳиндистон хавфидан фойдаланган ҳолда айланмоқда. “Кашмир Покистоннинг бир қисми бўлиши керак, чунки бу ерда мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади” деган тасаввур улар учун абсолют ҳақиқатдир. Ушбу ҳудуд атрофида учта урушни ютқазганига қарамай, Исломобод бир неча исёнчи ва террорчи гуруҳлар орқали урушни тўхтатмайди. Ўз навбатида, Ҳиндистон минтақани қуролсизлантирмайди ва ундан воз кечмайди. Манбаларга кўра, Жамму ва Кашмирда 500000 дан 800000 гача аскар тўпланган.

2004 йилга келиб, можаро бартараф этилганга ўхшаган эди. Ҳиндистоннинг ўша пайтдаги бош вазири Атал Биҳари Важпай ва Покистон президенти ва армиясининг қўмондони Парвез Мушарраф 2003 йил ноябр ойида биринчи расмий сулҳни имзоладилар. Бу сулҳ алоқа тармоқларининг тикланиши (фуқаролик ва тижорат) Ҳиндистон бўлинганида ўчган, зиддиятни ҳал қилиш умиди учқунини ёқди.

Аммо сулҳ имзолангандан бери чегара ёки кузатув чизиғидаги қоидабузарликлар одатий ҳол бўлиб қолди. Икки мамлакат армиялари ўртасидаги ҳужумлар доимий фуқаролик ва ҳарбий қурбонларга олиб келди. Ҳиндистон бош вазири Манмохан Сингх ва Покистон президенти Осиф Али Зардори ҳукумати даврида зиддият тинчланди ва оғзаки жанглар ҳам кескин камайди. Имо-ишоралар ва ёндошувга қарамай, чегарадаги отишмаларни тўхтатиш ёки ушбу ҳудудда кундан-кунга тартибсизликларни келтириб чиқарадиган норозилик намойишларини тўхтатишга дипломатия эриша олмади. 2008 йилда ҳинд ибодатхонаси Шри Амарнатхга туташ ерларга имтиёзлар берилиши эълон қилиниши, кўплаб намойишлар ва тинч аҳолига нисбатан шафқатсиз қатағонларга сабаб бўлди. 2010 йилдаги норозилик намойишлари айниқса долзарб бўлган, ўшанда хавфсизлик кучлари 112 кишининг ўлимига сабаб бўлган эди.

Моди йиллари: Қизил рангдаги Кашмир

Агар сайловларда ғалаба қозонса, Кашмирни ривожлантиришга кўпроқ сармоя киритишни ваъда қилган Нарендра Моди, 2014 йил май ойида Ҳиндистоннинг марказий ҳукуматини қабул қилди. Халқаро миқёсда унинг иқтисодий эркинлаштиришга мойиллиги ва ҳушёрлиги туфайли оптимизм мавжуд эди. У 2002 йилда мусулмонларга қарши жанжаллар пайтида Гужарат штатининг губернатори бўлган. Дарҳақиқат, Ҳиндистонда умумий қўрқув исломофобик риторика ва гуруҳлар ўртасидаги қутблашиш эди. Ҳинду қадриятлари ҳинд миллатчилигини, ҳинд динининг қадриятлари асосида аниқлашга қаратилган.

Илк бор БЖП (Бхаратия жаната парти) партияси 2014 йилда Жаммуда (асосан ҳиндлар) ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган, Кашмир водийсидаги (асосан мусулмон) овозлар эса Муфуба Муфти бошчилигидаги Халқ Демократик партиясига (ХДП) берилган. БЖП ва ХДП бошқарув учун коалиция тузишда давом этдилар, аммо ҳар бир тузилма ўзларининг ҳинду ва мусулмон кўпчиликлари туфайли, қарама-қарши икки минтақада қутблашган мазҳаблараро сиёсат олиб боришди.

Моди Кашмирга энг кўп ташриф буюрган бош вазирлардан бири. 2014 йил октябр ойида ҳиндларнинг Дивали фестивалида бўлганида, у сентябр ойида рўй берган тошқинлардан жабрланганларга ёрдам бериш учун катта сармоя ваъда қилди. Жами 460 одам ўлими ва миллионлаб одамларнинг кўчирилишига сабаб бўлган тошқиндан сўнг, одамлар вазиятни яхшилаш учун катта куч сарфлашни талаб қилишган. Ёрдам аҳолининг катта қисмига етиб бормади ва тартибсиз ташкил қилинган эди. Бу Моди учун ёмон старт бўлди, унинг Кашмирга ташрифлари айирмачи гуруҳлар томонидан уюштириладиган иш ташлашлар ва норозиликлар билан кутиб олинадиган бўлди.

Жамму ва Кашмирнинг иқтисодий ўсиши юқори ва ҳатто Ҳиндистонникидан ҳам юқори эди. (2012 ва 2013 йиллар оралиғида 12% га нисбатан 15%) аммо бойлик кам сонли кишилар орасида тақсимланган. Кашмирда аҳоли жон бошига даромад (4650 АҚШ доллари) миллий даромаддан (6375 АҚШ доллари) анча паст эди, гарчи қашшоқлик чегарасида яшайдиганлар фоизи паст бўлсада. (10,35% га қарши Ҳиндистон бўйича 21,02%). Иқтисодиётнинг энг кўзга кўринган секторлари орасида қишлоқ хўжалиги, музликлардан олинадиган сув ресурслари (иқлим ўзгариши оқибатида) ва туризм саналади. Аммо кашмирлик ёшларнинг аксарияти кўчиб кетмоқдалар, чунки зиддият зўравонликдан бошқа ҳаётни ривожлантиришга тўсқинлик қилади.

Кашмир водийсининг хавфсизлигини яхшилаш бўйича ҳукуматнинг ҳаракатсизлиги оқибатида қўзғолонлар ва ҳукуматга қарши намойишлар кўтарилди ва бу ҳудуд янада қутбланди. Ҳукумат коалицияси 2018 йил июнида парчаланиб кетди. БЖП ундан чиқиб кетди, бу Муфтини истеъфога чиқишга мажбур қилди. Беқарорлик иқлимига дуч келган Деҳли маъмурияти, олти ой давомида Жамму ва Кашмирни бевосита назоратга олди. Ушбу даврдан кейин Деҳли яна бир йил узайтирилиши мумкин бўлган фавқулоддаги ҳукумат формуласини қўллади.

Шунингдек, Моди ҳукумати даврида тинч аҳоли қурбонларининг кўпайиши натижасида тубдан этник-миллатчи бўлган янги авлод ёшларини, Кашмирнинг мустақиллиги ёки унинг Покистонга қўшилиши бўйича ҳудудий кун тартибга эга бўлган исёнга қўшилишларига туртки бўлди. Лекин бу ерларда ИШИД каби террористик гуруҳларнинг тарқалиши қийин, гарчи унинг эстетикаси исёнчиларнинг янги авлодини қамраб олган бўлсада. Атроф-муҳит, ҳудуд ва чегаралар юқори даражада ҳарбийлаштирилиш орқали кучли назорат остида бўлишини ҳисобга олсак, унинг мавжудлиги мураккаблашади. Бошқа томондан, минтақада Ал Қоиданинг иштироки бор. Айман ал-Завоҳирий 2014 йил сентябр ойида ўз ташкилотининг Жанубий Осиё учун “филиали“ очилишини эълон қилди. У ўз нутқида Кашмирни ва Совет Иттифоқининг Афғонистонга бостириб кирган пайтида фаолият юритган турли хил исёнчи гуруҳлар раҳбарларини эслади.

Келажак истиқболлари

Можаро эволюцияси бўйича энг ташвишланарли нарса шундаки, дунёнинг бошқа минтақаларида бўлгани каби тинч аҳоли орасида қурбонлар сони кўпаймоқда. Моди ҳукумати даврида жангарилардан бўлган қурбонлар 2.44% га (2017-18) камайди, исёнчилар ва тинч аҳолининг қурбонлари мос равишда 42% ва 167% га ошди. Аслида, кескинлик БЖПнинг оғзаки жанглари билан бир қаторда ўсди. 2018 йил сўнги ўн йил ичида энг зўравон йил бўлди. Пулвама ҳужумидан кейин Моди, террористларни жазоловчи сифатида намоён бўлди ва қаттиқ қўллик кўрсатди. Унинг сайловчилари ва партияси аъзолари қасос олишни талаб қилишди ва Бош вазир Кашмирдаги навбатдаги можародан мумкин қадар сайловлар учун катта фойда олди. У ўзини кучли лидер ва ҳақиқий ватанпарвар эканлигини исботлаган холда қайта сайланди. Аммо Ҳиндистонда адолатни, озодликни ва яшаш шароитларини яхшилашни талаб қиладиган бутун бир водий бор. БЖП қонунчилигининг яна беш йиллик фаолияти можаронинг янада авж олишига ҳисса қўшиши мумкин.

Нурбек Алимов, 
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт