Юртимизда ҳозир айни кўчат экиш мавсуми. Бозорлар, аҳоли гавжум жойлар ва катта йўл ёқаларида кўчат сотиш нуқталари ташкил этилган. Қайси турдаги мевали ёки манзарали дарахт ниҳоли экишни хоҳласангиз, харид қилишингиз мумкин.
Шу билан бирга ҳали кенг оммалашмаган бўлса-да лаборатория шароитида, ин-витро (тўқима маданияти) усулида кўчатлар тайёрланиб, халқимизга таклиф этилмоқда.
Ана шундай лабораториялардан бири Самарқандда, “Sharq-Sanoat” концерни таркибидаги “Оҳалик олтин боғи” масъулияти чекланган жамияти қошида фаолият кўрсатмоқда.
– Ин-витро усулида мевали дарахт кўчатлари тайёрлаш – бу лаборатория шароитида стерил муҳитда ўсимлик ҳужайра ёки тўқимасидан янги ўсимлик етиштириш технологияси, – дейди Самарқанд ин-витро лабораторияси раҳбари Суннат Хўжақулов. – Бу усул кўчатларни анъанавий кўпайтиришга нисбатан қатор афзалликларга эга. Аввало турли хил вирус, бактерия ва замбуруғлардан холи соғлом кўчат тайёрланади. Илдизи попукли бўлади, яъни чуқур ўсмайди. Бу ер ости сувлари ер юзасига яқин бўлган ҳудудлар учун жуда қулай. Дарахт тез қуриб қолмайди, 20 йилдан 50 йилгача ҳосил беради. Ҳозирги иқлим ўзгариши шароитида бу жуда муҳим.
Иккинчидан, кўчатларни тез ва оммавий кўпайтириш имконияти мавжуд. Қисқа вақт ичида минглаб бир хил кўчатлар кичик лаборатория ҳудудида етиштирилади. Қаламча ёки уруғи орқали ўстириш қийин бўлган кўчатлар лабораторияда ҳужайрасидан кўпайтирилади. Бу эса ноёб ва қиммат навларни тез кўпайтириш, катта-катта боғлар яратиш имконини беради.
Учинчидан, она ўсимликнинг барча генетик белгилари тўлиқ сақланади, нав софлиги кафолатланади. Яна бир афзаллиги йил давомида кўчат тайёрлаш мумкин ва бу жараён узлуксиз давом этади.
Маҳаллий боғларга нисбатан афзаллиги тез ҳосилга киради. Бир йил мўл ҳосил бериб, иккинчи йил дам олмайди. Меванинг ҳажми, кўриниши бир хил бўлади. Ҳатто дарахтлар ҳам бир хил ўсади. Ярим пакана дарахт бўлгани учун ҳосилни йиғиштириб олиш осон кечади. Томчилатиб суғориш тизими жорий этилса, самарадорлик жуда юқори бўлади.
[gallery-27966]
Концерн таркибидаги, юртимизнинг етти вилоятида ташкил этилган 6 минг гектар интенсив боғларда асосан ин-витро усулида тайёрланган кўчатлар экилган. Бу кўчатлар 2017 йилгача хориждан, валюта ҳисобига олиб келинган бўлса, мазкур лаборатория ташкил этилгач, шу ернинг ўзида ўстирилган.
– Боғларимизга кўчатларни Европа давлатларидан, ҳар бирини 3-5 долларгача сотиб олиб келиб, экканмиз, – дея сўзида давом этади Суннат Хўжақулов. – Жуда катта маблағ сарфланган бунга. Кейин грециялик ҳамкорларимиз ёрдамида ушбу лабораторияни ташкил этдик. Ўзим ва бир неча ходимларимиз Грецияга бориб, лаборатория ишини ўргандик, тажриба орттириб келдик. Аввалига грек мутахассислар билан бирга ишлаган бўлсак, ҳозир ҳамма жараённи 50 нафар ходим билан бирга ўзимиз бажаряпмиз. Лекин грециялик ҳамкорларимиз ҳам вақти-вақти билан келиб, зарур тавсия ва маслаҳат бериб кетишади.
Лаборатория иши, ҳужайрадан ўсимлик яратиш осон эмас, албатта. Бу жуда юқори аниқлик ва эҳтиёткорлик, тозалик талаб қиладиган жараёнларни ўз ичига олади. Аввало, дастлабки босқичда оналик навлар куртагидан имплантларга ҳужайра олинади. Олти ойда битта ҳужайрадан 120 тагача ўсимлик олиш мумкин. Ўсимлик бир неча бўлакларга бўлиниб, махсус озуқали идишларда кўпайтирилади. Илдиз чиқиши кутилади, бўйи ўстирилади. Илдизга эга бўлгач микроўсимлик ҳосил бўлади. Буларнинг ҳаммаси вақт, керакли миқдорда ёруғлик, ҳарорат талаб қилади ва бу жараёнларнинг барчаси лабораторияда кечади. Масалан, ўсимликнинг ухлайдиган цикли бор, бу 1200-1800 соатгача бўлади. Кейин ўстириш хонасига ўтказилади. Бу ерда 3000-5000 люксгача ёруғлик олиши керак.
Умуман, кўчат тайёрлашда экиладиган ернинг физик, мелиоратив ҳолати, шўрланган ёки шўрланмагани, ер ости сувларининг яқинлигига алоҳида эътибор қаратилади, шунга мос пайвандтаг тайёрланади. Масалан, бизда ҳозир маҳаллий бодом январнинг охири ва февралнинг бошларида уйғониб, гуллаяпти. Аммо кейин юзага келадиган совуқ ҳарорат дарахтга таъсир қилиб, ҳосил камайиб кетиши ёки умуман бўлмаслиги мумкин. Биз ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун хориждан кечки бодом навини келтириб, ўзимизга мослаштириб, кўпайтирдик. Ҳозирда боғларимизда экилган бу бодом дарахтлари совуқ ҳаво оқими чекинган пайтда, мартнинг охири, апрелнинг бошларида гуллайди. Пишиб етилиши маҳаллий бодом билан бир хил, ҳосилдорлиги эса 5-10 фоиз юқори ҳам.
Илдиз чиқариб, белгиланган меъёргача ўсган ўсимлик лаборатория ёнидаги бир гектарлик иссиқхонада табиий шароитга мослаштирилади. Бунинг учун хориждан келтирилган озуқали махсус кассеталарга экилиб, ўстирилади. Бу жараён 40-60 кун давом этади ва ўсимлик-пайванд таг 25-30 сантиметр бўлганидан кейин махсус кўчатхонага етказиб берилади ва пайванд қилинади.
– Тўрт гектарлик иссиқхонамиз асосий кўчатхона ҳисобланади, – дейди бош агроном Рустам Ибрагимов. – Бу ерда лабораториядан келтирилган ўсимлик-пайвандтаглар пайванд қилиниб, кўчат ҳолига келгунига қадар парваришланади. Кўчатхонанинг очиқ майдондагидан фарқи – йил бўйи жараён давом этади. Одатда очиқ майдонлардаги кўчатхонада пайвандлаш мавсуми бир йилда икки марта ўтказилади. Бизда эса йилнинг қайси фасли бўлишидан қатъий назар, лабораториядан келтирилган ўсимлик пайванд қилиниб, кўчат ўстирилади ва 50-60 сантиметрга етиб, экишга тайёр бўлгач, очиқ майдонларда ўтқазиш учун чиқарилади. Ҳозир 1 миллион 863 минг туп кўчат экишга тайёр турибди ва май ойигача тўлиқ чиқарилади, буюртмачиларга етказиб берилади. Масалан, Самарқанд туманидаги “Агромир” компанияси 58 минг туп шафтоли кўчати буюртма қилган. 35 навдаги бу кўчатлар экишга тайёр ва ҳатто, шу ернинг ўзида гуллаб турибди. Албатта, дастлабки йилда бу гуллар тўкиб юборилади ва кўчат ерга мослашиб, ўзини ўнглаб олади. Келгуси йилдан ҳосил бера бошлайди. Бу интенсив кўчат, яъни тез ҳосилга киради.
Ин-витро усулида кўчат тайёрлаш жараёнлари билан танишиб, шунга амин бўлдикки, ҳар бир кўчатнинг лабораторияда ҳужайралигидан бошлаб, пайванд қилиниб, экишга тайёр бўлгунига қадар 4 ойдан 6 ойгача вақт кетади. Лекин бу жараён мавсумий эмас, йил бўйи давом этади. Тайёр бўлган кўчатни ер музламаган бўлса ҳар қандай шароитда томир отган озуқаси билан бирга экиш мумкин экан.
Суннат Хўжақуловнинг қайд этишича, ҳозир ҳам юртимиздаги кўп тадбиркорлар, боғдорчилик кластерлари эгалари интенсив кўчатларни Европа ва бошқа давлатларидан 5-7 долларгача сотиб олмоқда. Лекин кўп ҳолларда уларнинг сифатига кафолат берилмайди. Самарқанддаги ин-витро лабораториясида тайёрланган кўчатлар эса 3-3,5 долларга тушмоқда ва юртимизнинг ҳар бир ҳудуди тупроқ-иқлим шароитига мос кўчатлар тайёрлаб бериляпти.
– Ин-витро кўчатларни биздан олаётган, ўзининг ерига мос кўчат буюртма қилаётган фермер ва тадбиркорлар бор, уларнинг талабига кўра йилига 4-4,5 миллион туп мевали дарахт, узум кўчатлари тайёрлаб беряпмиз, – дейди С.Хўжақулов. – Айниқса, водий вилоятларидаги боғбонларнинг гилос, олча, шафтоли кўчатларимизга қизиқиши катта бўляпти. Чунки улар бу кўчатларнинг ҳар жиҳатдан самарали, экспортбоп ҳосил беришини ўз амалиётларида кўришди. Шунинг учун айнан шу фермерлар яна каттароқ майдонларда интенсив боғлар учун кўчат буюртма қилмоқда. Бугунга келиб лабораториямизда 7 миллион тупдан ортиқ пайвандтаг тайёрлаш имконияти мавжуд. Биз юртимиз фермерлари, боғбонларининг буюртмалари асосида улар истаган навдаги кўчатларни тайёрлаб берамиз.
Ин-витро усулида кўчат тайёрлашнинг ўзига яраша мураккаб томонлари ҳам бор. Бу замонавий лаборатория жиҳозлари ва малакали мутахассисларга талаб билан боғлиқ. Шунингдек, ишни бошлаш учун каттагина сармоя керак. Аммо бу борадаги фаолият бугун давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, ин-витро усулида тайёрланган кўчатларни сотиб олиш учун субсидия берилаётганини ҳисобга олсак, ҳеч иккиланмай соҳага бу янгиликларни жорий этиш, ундан самарали фойдаланиш лозим деган хулосага келиш мумкин.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5DOkdX5JIFc" title="In-vitro ko‘chati: asosiy mezon sifat va samaradorlik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (видео, сурат), ЎзА мухбирлари