English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имзо тўплаш: юртдошларимиз сиёсий жараёнга бефарқ эмас
12:35 / 2023-05-19

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси муддатидан илгари ўтказиладиган Президент сайловида иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини тўплашга киришди. Ушбу сиёсий жараёнда партиянинг Андижон вилояти Кенгаши ҳам фаол иштирок этмоқда.

Партиянинг вилоятдаги 886 та бошланғич ташкилоти етакчилари, фаоллари томонидан фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойларида тарғибот-ташвиқот ва имзо тўплаш ишлари амалдаги қонунлар доирасида олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда Халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят кенгашларининг 186 нафар депутати ҳам фаол қатнашмоқда.

Имзо тўплаш ишларига ташкилий, ҳуқуқий ва бошқа жиҳатдан яқиндан кўмаклашиш, жараён доирасидаги ишларни мувофиқлаштириб бориш учун партия вилоят кенгаши қошида ишчи гуруҳ тузилган. Ишчи гуруҳ фаолияти мазкур йўналишдаги ишларни самарали олиб борилишига хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, партияга хайрихоҳ фуқаролар ҳам кўнгилли равишда имзо тўплаш жараёнининг юқори савияда ўтказилишига яқиндан ёрдам бермоқда.  

[gallery-11952]

– Имзо тўплаш тадбирларида нафақат партиямиз фаоллари, балки юртдошларимиз ҳам якдиллик билан қатнашаётганлигидан уларнинг мамлакатимиз истиқболига дахлдор муҳим сиёсий жараёнга бефарқ эмасликларини кўриш мумкин, – дейди ЎзЛиДеП вилоят кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Бу юртдошларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалиб, жамият ва давлат ҳаётида сиёсий партияларнинг нуфузи ортиб бораётганлигини кўрсатади.

Имзо тўплаш жараёнида аҳолининг барча қатлами вакиллари ихтиёрий равишда номзодни қўллаб-қувватлаб, имзо беришга зиммаларидаги фуқаролик бурчи сифатида қараётганликларини алоҳида таъкидлаш лозим. Вилоятда имзо йиғиш билан боғлиқ барча тадбирлар қонунчиликда белгиланган меъёр ва тартибларга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилмоқда.  

 

 

Ф. Убайдуллаев,  

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА