English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имзо тўплаш қизғин паллада
15:47 / 2024-08-07

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан 2024 йилнинг 26 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга старт берилган эди. Шу муносабат билан 1 августдан сайлов кампаниясининг энг муҳим тадбири – сайловчилар имзосини тўплаш жараёни бошланди.

Сайлов қонунчилигига кўра, партия сайловдаги иштирокини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Сайловчилар битта ёки бир нечта сиёсий партияни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишга ҳақли. Бу ўз навбатида сайловда соғлом рақобат учун шароит яратишга хизмат қилади.  

“Миллий тикланиш” демократик партияси вакиллари ҳам айни жараёнга масъулият билан ёндашмоқдалар. Бунда асосан фаол аъзолар, бошланғич партия ташкилотлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, “Аёллар” ва “Ёшлар” қанотлари ҳамда партиянинг ғоя ва мақсадларига хайрихоҳ бўлган юртдошларимиз маҳаллаларда, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларида бўлиб, аҳолига сайловнинг дастлабки босқичи – имзо тўплаш тадбири ҳақида маълумотлар бермоқда.  

– “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши томонидан Навоий шаҳридаги “Навоий савдо комплекси” буюм бозорида ташкил этилган имзо йиғиш жараёнида 120 нафардан ортиқ партия аъзоси, маҳалла вакиллари ва ёшлар “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаб, имзо чекишди, – дейди партия вилоят кенгаши раиси ўринбосари Феруза Бақоева. – Улар бугунги ислоҳотлар, янгиланиш ва ўзгаришлар даврида четда турмасдан фаол бўлиш лозимлигини таъкидлашмоқда.  

–Ўқитувчи сифатида бизнинг фаолиятимизга ғоялари яқин бўлган “Миллий тикланиш” партиясини қўллаб-қувватлаб имзо қўйдим. Бу партия биз педагоглар манфаатини кўзлаб, таълим тизимидаги камчиликларни очиқ-ойдин айтаяпти, танқид қиляпти. Шунинг учун бошқа ҳамкасбларимни ҳам “Миллий тикланиш”ни ёқлаб, қўллаб-қувватлашга чақираман, – дейди Умида Ҳамроева.

Партия вилоят кенгаши томонидан имзо йиғиш жараёнлари Конимех туманининг олис Саржал ва Янгиқазған овулларида, барча туман ва шаҳарлардаги маҳаллалар, аҳоли гавжум жойларда ҳамда имконияти чекланган шахслар, кекса авлод вакиллари учун қулайликлар яратиш мақсадида уйма-уй юрган ҳолда ҳам ташкил этилмоқда.  

А.Бўриев, ЎзА мухбири