Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида фуқароларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, уларга имтиёзли кредит олиб беришни ваъда қилган шахс фош этилди.
Тезкор тадбирлар давомида аниқланишича, муқаддам судланган фуқаро С.С. ўзини гўёки давлат идораларида юқори лавозимларда ишловчи нуфузли шахслар билан яқин алоқада бўлган инсон сифатида кўрсатиб, фуқароларнинг ишончини қозонган. У мазкур сохта алоқалар орқали 3 нафар фуқарога жами 230 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиб беришни ваъда қилган.
Жиноий ниятни амалга ошириш мақсадида С.С. фуқаро М.О.дан “хизмат ҳақи” сифатида 400 АҚШ доллари ҳамда 6 миллион сўм пул маблағини талаб қилган ва ушбу маблағларни олган пайтида Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Олиб борилган дастлабки терговга қадар текширув ишлари натижасида мазкур шахснинг ҳаракатларида фирибгарлик, мансаб ваколатларини сохта даъволар орқали суиистеъмол қилиш, шунингдек, пора муносабатларини келтириб чиқаришга қаратилган жиноий аломатлар мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарликка суиқасд) ҳамда 28, 211-моддаси (пора беришга далолат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, айни пайтда иш бўйича барча ҳолатларни тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона ўрганишга қаратилган тергов ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.