Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2018-2022 йилларда давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун тузилган битимларга мувофиқ ажратилган имтиёзли кредитлар бўйича имтиёзли давр муддати 2024 йил 1 октябрга қадар узайтирилади.
Қарорга кўра, имтиёзли давр давомида тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит бўйича фақат фоиз тўловлари амалга оширилади. Имтиёзли даврда тўланиши лозим бўлган асосий қарз бўйича тўловлар кредит даврининг қолган қисмига тенг миқдорда тақсимланади.
Давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун имтиёзли кредитлар лойиҳа ташаббускорларига қуйидагича:
Тошкент шаҳрида - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
Нукус шаҳри, вилоятлар маъмурий марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
туманларда - 10 йил муддатга, шу жумладан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставка бўйича ажратилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 2018-2022 йилларда имзоланган давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар бўйича амалга оширилмаган лойиҳаларни манзилли таҳлил қилиб, хусусий шерикнинг имкониятларини ҳисобга олган ҳолда, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини 2024 йил 1 июлга қадар ишга тушириш бўйича "йўл харитаси"ни тасдиқлайди ва ўз мажбуриятларини бажара олмайдиган хусусий шериклар билан тузилган битимларни белгиланган тартибда босқичма-босқич бекор қилиш чораларини кўради.
ЎзА