Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имтиёзлар самара беряптими?
11:52 / 2023-08-11

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимиз ҳудудларида бир кунда 19-20 минг тонна чиқинди ҳосил бўлади. Чиқиндилар турли хил металлар, шиша идишлар, макулатура, пластик, озиқ-овқат маҳсулотларининг қолдиқларидан иборат бўлиб, уларнинг фақат 32 фоизи қайта ишланиши йўлга қўйилган.

Ачинарлиси шундаки, аҳоли томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларнинг дуч келган ерларга ташлаб кетилиши оқибатида аҳоли пунктлари, магистраль йўл ёқалари, дала майдонлари четлари ва сув ҳавзалари қирғоқларида ноқонуний чиқиндихоналар ҳосил бўлиши давом этмоқда. Дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг долзарб экологик масалалардан бирига айланиб улгурган.  

Шиша бутилка 1 миллион йил, пластик ичимликлар идишлари 450 йил, сут қутилари 5 йил, нейлон мато 30-40 йил, чарм пойабзал 25-40 йил, апельсин ёки банан қобиғи 2-5 ҳафта, қоғоз сочиқ 2-4 ҳафта муддатда чирийди.  

2022 йилнинг 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида чиқиндилар билан ишлаш тизими ва экологик ҳолатни яхшилаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар юзасидан зарурий чора-тадбирлар белгилаб берилган ҳамда Ўзбекистонда маиший чиқинди тўплаш қамровини 95 фоизга, қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга етказиш вазифаси қўйилган эди. Шунингдек, 2022 йил 11 августдаги “Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" ги Президент фармони билан маиший чиқиндиларни тўплаш, ташиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланувчи санитар тозалаш корхоналарига қатор имтиёзлар тақдим этилган. Мазкур ҳужжат билан 2026 йил 1 январга қадар асосий фаолияти чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари учун ушбу фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари) ва ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида қўлланилиши, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспорт воситалари ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддати 7 йилдан 10 йилга ҳамда бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилиши белгилаб қўйилган. Бунда махсус автотранспорт воситалари ва техникалари баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган нархларда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилиши кўзда тутилган.  

Хўш, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш инфратузилмасини такомиллаштиришга доир имтиёзлар самара беряптими? Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, ушбу преференциялар тақдим этилиши турли қийинчиликлар таъсиридан чиқиб кета олмаётган соҳа корхоналари учун айни муддао бўлди.  

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари раислигида ташкил этилган тендер комиссиялари томонидан очиқ тендерларда иштирок этган ва давлат-хусусий шериклик битимини имзолаш ҳуқуқини қўлга киритиб, ғолиб бўлган барча тадбиркорлар бир қанча ижтимоий ва иқтисодий имтиёзларга эга бўлди. Ҳужжат ижроси юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида бир қанча ютуқларга эришилди. Хусусан, 126 та туман-шаҳарларда хизмат кўрсатиб келаётган хусусий шериклар – тадбиркорлик субъектлари томонидан 67 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ишга туширилди. Соҳада хусусий сектор улуши 80 фоизга етказилди ҳамда хизмат кўрсатиш билан қамров даражаси ДХШ лойиҳалари амалга оширилган ҳудудларда 98 фоизга ошди.  

Хизмат кўрсатиш ҳажми ўтган 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ортди ва 66,1 миллиард сўмни, мажбурий тўловларни ундириш даражаси эса 38 фоизга ортиб, 50,5 млрд. сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар ўсишда давом этмоқда. Бугунга қадар 174,3 миллиард сўм хусусий инвестиция маблағлари жалб этилган. ДХШ лойиҳалари доирасида имзоланган битимларга мувофиқ хусусий шериклар томонидан жами 1 минг 261 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ҳисобига 1 минг 129 та чиқинди ташиш махсус техникаси ва 7 минг 827 та чиқинди контейнери харид қилиш, 1 минг 17 та чиқинди йиғиш шохобчаси, 72 та қайта юклаш станцияси, 60 та саралаш ва 49 та қайта ишлаш заводларини қуриш назарда тутилган.  

Соҳада хусусий сектор улуши 80 фоизга етказилган. Қайд этиш лозимки, қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизмат кўрсатишга ихтисослашган давлат корхоналари ҳисобидаги махсус автотранспортлар ва техникаларини давлат-хусусий шериклик асосида хусусий шерикка бериш муддати 7 йилдан 10 йилга ҳамда бир йиллик имтиёзли давр билан узайтирилади.  

2024 йилнинг 1 январигача инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида банкларнинг миллий валютада ажратиладиган, умумий қиймати 5 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлари бўйича унинг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун уч йил муддатгача «2+1» тамойили асосида компенсациялар тақдим этилади.  

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА