Қарши шаҳрида хусусий тиббиёт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Бобоев ҳамда мутасадди ташкилот вакиллари иштирок этди.
Учрашувда таъкидланишича, юртимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам хусусий тиббиёт муассасалари фаолияти йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Ҳозирги вақтда вилоятда 750 та хусусий тиббиёт муассасалари фаолият кўрсатмоқда.

Мулоқот давомида давлат томонидан соҳага қўллаб-қувватлаш мақсадида берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 2024 йил давомида Қашқадарё вилоятидаги 294 та хусусий тиббиёт муассасасига жами 29,6 миллиард сўмлик солиқ имтиёзлари тақдим этилганлиги қайд этилди.


Шунингдек, учрашувда солиқ ҳисоботларини ўз вақтида топшириш, ишчилар сонини ҳисоботларда тўлиқ акс эттириш, ҳар бир тушумни онлайн назорат касса машинасига киритиш, маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва бошқа солиққа оид муҳим масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.

– Бугунги учрашув жуда фойдали бўлди. Солиқ соҳасига оид бир қатор саволларимизга жавоб олдик, –дейди бош ҳисобчи Алиқул Толипов. – Янги қоидалар ва берилаётган имтиёзлар ҳақидаги тушунтиришлар фаолиятимиз учун муҳимдир. Бундай тадбирлар кўпроқ ташкил этилса, бизга янада ёрдам беради.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири