Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имтиёзлар экспортёрларни қўллаб-қувватлайди
15:11 / 2026-03-03

Божхона органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ва амалий ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган сайёр учрашувлар Бухоро вилоятида изчил давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғ. Носиров бошчилигида ўтказилаётган ўрганишлар доирасида экспорт фаолиятини жадаллаштириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ҳамда божхона расмийлаштируви жараёнида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шундай учрашувлардан бири тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Leichter Kamalak Textilien” МЧЖ масъуллари билан ташкил этилди. Корхона томонидан замонавий инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, унда немис технологиялари асосида автомобилсозлик, ҳарбий саноат, авиация, тиббиёт ва бошқа тармоқлар учун полиестер ҳамда полиамид хомашёсидан юқори сифатли техник текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Шунингдек, аралаш толали уй текстили маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади.

Лойиҳа доирасида Германиянинг нуфузли “Curt Bauer GmbH” компанияси билан қиймати 17 миллион еврога тенг шартнома имзоланган. Унга мувофиқ, жаҳонда машҳур “Curt Bauer” брендини релокация қилиш ҳамда энг илғор технологик ускуналарни Ўзбекистонга олиб келиш режалаштирилмоқда.

Учрашув давомида божхона органлари масъуллари корхона раҳбари Д. Бобожоновга технологик ускуналарни импорт қилишда амалдаги қонунчиликка мувофиқ тақдим этиладиган божхона имтиёзлари ҳақида батафсил тушунтиришлар берди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан инвестиция лойиҳалари доирасида олиб кирилаётган технологик ускуналар учун белгиланган енгиллик ва преференциялар мазмуни изоҳланди.

Маълум қилинишича, корхонанинг 2025 йилдаги экспорт ҳажми 1,6 миллион АҚШ долларини ташкил этган. 2024–2025 йиллар давомида эса 0,54 миллион АҚШ доллари миқдорида технологик ускуналар импорт қилинган. Амалдаги тартибларга мувофиқ, корхонага 813 миллион сўм миқдорида божхона тўловлари бўйича имтиёзлар тақдим этилган.

Таъкидлаш жоизки, бундай сайёр ўрганишлар нафақат муаммоларни аниқлаш, балки уларни жойида бартараф этиш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Божхона қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг Бухоро вилоятидаги ўрганишлари Олот чегара божхона постида давом этди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири