Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва захираларни ишга солиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида дунёда сунъий тола ва аралаш матога талаб йилдан йилга ошиб бораётганлигига урғу берилиб, 2028 йил 1 январгача аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилиши таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда Европа ва АҚШ бозорига тайёр кийим-кечак экспортини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тўқимачилик корхоналарига имтиёз ва имкониятлар, рағбатлар берилиши натижасида олис туманларда ҳам корхона филиаллари очилиб, аҳолининг иш билан таъминланиши бўйича илгари сурилган ташаббуслар Қорақалпоғистон Республикасидан бошланиши белгиланди.
Йиғилишда берилган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Ўрозалиев Беруний туманида трикотаж мато ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқарувчи корхонада бўлди. Йилига 6 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада бугунги кунда 350 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрни билан таъминланган.

Корхона 2024 йил давомида 2,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги 641 тонна кийим-кечак ва ип калава маҳсулотларини Хитой, Покистон, Россия, Туркия ва Украина давлатларига экспорт қилган бўлса, жорий йил бошидан 272 минг АҚШ доллари қийматидаги товар экспорти амалга оширилган.
Учрашув давомида божхона масъуллари томонидан корхона раҳбарига “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликлари тушунтирилиб, ундан фойдаланган ҳолда, келгусида экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Тўқимачилик соҳаси учун қонунчиликда яратилган имконият ва имтиёзлар юзасидан маълумот берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири