Имтиёзлар – тадбиркорлик тараққиётида муҳим омил
Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилги асосий йўналишлари қабул қилингани муносабати билан солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти тарғиботига бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.Вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари иштирок этган семинарда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уларнинг самарали фаолият юритиши учун янада қулай шароит яратиш, соҳа субъектларига солиқ имтиёзлари бериш борасида туб ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2017 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни, Президентимизнинг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа бир қатор ҳужжатлар асосида турли йўналишлар бўйича енгиллик ва имтиёзлар яратилди, берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.
– Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида солиқлар бўйича турли имтиёзлар берилаётгани ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда, – дейди Қарши шаҳридаги “Лола Жаҳон Маликаси” хусусий корхонаси раҳбари Толиб Ёдгоров. – Ўтган йили корхонамиз томонидан 2 миллиард сўмдан ортиқ трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Солиқ имтиёзлари сабаб 50 янги иш ўрни яратилди. Айни пайтда корхонамизда 100 дан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда.
Семинар давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олди.