Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имтиёз ва имкониятлар намойиши
20:27 / 2015-04-30

Термизда ўтказилган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичида 160 ишлаб чиқариш корхонаси уч юздан ортиқ турдаги маҳсулотини намойиш этди.

Термизда ўтказилган IX Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичида 160 ишлаб чиқариш корхонаси уч юздан ортиқ турдаги маҳсулотини намойиш этди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 13 мартдаги “2015 йилда Халқаро саноат ярмарка ва Кооперация биржасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор маҳаллий хомашёдан харидоргир, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида иштирок этувчилар сафи йилдан-йилга кенгайиб, маҳсулотлар тури кўпайиб бормоқда. 2012 йилда Сурхондарё вилоятида юздан ортиқ йирик ва кичик корхоналар қурилиш, озиқ-овқат, енгил саноат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан қатнашган бўлса, жорий йилда 160 корхона уч юздан ортиқ турдаги маҳсулоти билан иштирок этди. Уларнинг ўттизга яқини янги турдаги маҳсулотлардир.

Кўргазмада “Сурхон Термиз чинни” масъулияти чекланган жамиятининг чинни буюмлари, “Камазул Сайдил” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган чарм пойабзаллар, Узун туманидаги “Меҳрож текстиль” улгуржи савдо ишлаб чиқариш корхонасининг эркаклар, болалар ва аёллар кийим-кечаклари, шунингдек, кўплаб янги турдаги қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа халқ истеъмоли моллари иштирокчилар эътиборини тортди.

– Мазкур ярмарка нафақат товар ишлаб чиқарувчилар, балки харидорларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда, – дейди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўра Боболов. – Чунки, бу тадбир маҳаллий хомашё асосида рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорлик субъектларининг буюртмалар портфелини шакллантириш, уларнинг ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотларни етказиб бериш бўйича тендер савдоларисиз ўзаро манфаатли шартномалар тузишига кенг имконият яратади.

Ярмарка доирасида 10 миллиард 529 миллион сўмликдан зиёд шартномалар имзоланди.

– Замонавий дастгоҳлар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда жуда қўл келмоқда, – дейди Узун туманидаги “Меҳрож текстиль” улгуржи савдо ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Қурбон Шукуров. – Ярмаркада йигирмадан ортиқ турдаги маҳсулотимиз билан иштирок этдик. Бу тадбир биз, ишлаб чиқарувчиларга буюртмачиларимиз сафини кенгайтириш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашимизга, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириб, маҳсулот сифатини янада яхшилашга ёрдам беради.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди. Унда кўплаб ёш мутахассисларга ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди.