Кейинги йилларда ўқитувчи нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни жорий қилган ҳолда замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, шунингдек, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бухоро давлат педагогика институтида таълим сифатини ошириш, институт фаолиятига илғор таълим дастурларини жорий қилиш ҳамда замонавий билим ва педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга бўлган юқори малакали мутахассислар тайёрлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш устувор вазифа ҳисобланади.
Ҳозирда, педагог кадрлар илмий салоҳиятини ошириш, илмий-педагог кадрларни сон ва сифат жиҳатидан қайта кўриб чиқиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Шу муносабат билан, институтда олий таълимдан кейинги таълим – докторантура ва таянч докторантурага қабул масаласи устуворлик касб этиб, тизимга ўз устида ишлайдиган, билимли, салоҳиятли ва истиқболда илмий инновацияларни жорий этишни мақсад қилиб қўйган талабгорларни саралаш жараёнига алоҳида аҳамият берилмоқда.
– Жорий йилда Бухоро давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги қарорига мувофиқ, докторантура ва таянч докторантурага қабул эълон қилинди, –дейди институт ректори, профессор Баҳодир Маъмуров. – Институтга 8 та ихтисослик бўйича 98 та ҳужжат келиб тушган. Ажратилган 26 та ўринга талабгорлар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилган. Жараён трансляция қилиб борилганлиги боис, уни тўғридан тўғри кузатиш имконияти ҳам мавжуд. Ушбу жараённи ташкил этишда олдиндан дастурнинг институт расмий сайтида эълон қилиниши, комиссия раиси ва аъзоларининг адолатли ва шаффоф баҳолашлари, талабгорларнинг жиддий тайёргарлиги жараённи юқори савияда ташкил этилганлигидан далолат беради. Албатта, ушбу жараён педагогика соҳасида илм-фан ва таълимни ривожлантиришга оид долзарб муаммоларни аниқлаш, илғор хорижий тажрибалар асосида уларнинг ечими бўйича тавсияларни тайёрлашга хизмат қилади.
[gallery-26286]
– Бухоро педагогика институти очилганда кафедрада ишлашни бошладим. Уйда бола парвариши билан тайёрландим. Мақсадим докторантурага кириб, ўқишни давом эттириб ва олима бўлиб етишишдир. Имтиҳон жараёни жуда ҳам яхши ташкил этилган. Бу жараёнда бундан олдин ҳам қатнашганман. Бу йилги жавобларимдан қониқяпман. Имтиҳон очиқ, шаффоф ва адолатли ўтди. Умидим жуда ҳам катта, – дейди Гулҳаё Музаффарова.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.