Самарқандда Божхона қўмитаси томонидан вилоятда импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, божхона ҳудудида қайта ишлашни кўпайтириш орқали экспортни ошириш ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтиришга бағишланган тадбир ўтказилди.
Унда вилоятдаги ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари, ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотлари раҳбарлари, божхона расмийлаштируви бўйича матахассислар ва божхона ходимлари иштирок этди.
Шу йилнинг 16 ва 18 январь кунлари давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш, экспорт, инвестиция ва саноат соҳаларида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилишларида қайд этилган масалалар, божхона органлари олдига қўйилган вазифаларга эътибор қаратилди.
– 2023 йилда вилоятнинг товарлар ташқи савдо айланмаси 2 миллиард 907 миллион доллар (экспорт 687,5 миллион, импорт 2 219,3 миллион доллар)ни ташкил этди, – деди Самарқанд вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Я.Мирзараҳимов. – Вилоятга импорт қилинган товарлар асосан транспорт ва эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, фармацевтика, металл буюмлар, тўқимачилик, пластмасса, кимё саноат, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқатлар маҳсулотлари, электротехника ва унинг қисмларини ташкил этади.
Учрашувда Божхона қўмитасининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи И.Пардаев “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режимининг афзалликлари ҳамда ваколатли иқтисодий операторлар фаолияти билан боғлиқ тадбиркорларга яратилган қулайликлар тўғрисида тушунча берди.
Тадбирда вилоятда импортни оптималлаштириш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга эътибор қаратиш лозимлиги ҳамда шаҳар ва туманлар бўйича импорт қилинган товарлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Тадбикорларнинг соҳага оид таклиф ва фикрлари, мавжуд муаммолари тингланди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири