English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Импорт қилинадиган айрим спорт товарларига божхона имтиёзлари берилмоқда
14:56 / 2023-06-20

Юртимизда аҳолини, айниқса, ёшларни спортга кенг жалб этиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, спорт-таълим муассасалари фаолиятини янги босқичга кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, спорт-таълим муассасаларини замонавий спорт кийимлари, экипировкалар, оёқ кийимлари, спорт анжомлари, спорт жиҳозлари ҳамда ускуналари билан таъминлаш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳамда ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.    

Эндиликда хориждан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, спорт-таълим муассасаси томонидан олиб кириладиган спорт кийимлари, экипировкалари, оёқ кийимлари, спорт анжомлари, жиҳозлари ҳамда ускуналарини олиб киришда божхона божидан озод этиш кўзда тутилмоқда.  

Бу имтиёзлар белгиланган тартибда шакллантирилган рўйхат асосида импорт қилинадиган товарларнинг 50 фоизига нисбатан берилади.    

“Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, Божхона кодексининг 297-моддаси иккинчи қисми 15-банд билан тўлдирилиб, юқоридаги имтиёзлар акс этмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қизғин муҳокама қилинди.    

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жисмоний тарбия ва спорт соҳасида таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини ривожлантиришга, иқтидорли спортчиларни саралаш ва уларни тайёрлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини, шунингдек, спорт-таълим муассасалари учун шарт-шароитлар яратилишига хизмат қилади.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА