Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Импорт ўрнини босувчи янги инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқилади
12:50 / 2021-12-22

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Сардор Умурзоқов тармоқ бирлашмалари, давлат саноат корхоналари ва холдинг компаниялари раҳбарлари билан тармоқлар доирасида ҳамда тармоқлараро кооперацияни рағбатлантириш ва саноат ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилиш давомида тармоқ ва давлат корхоналари томонидан тегишли соҳаларда импорт таркибини ўрганиш бўйича олиб борилган ишлар таҳлил қилинди. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан кооперацияни йўлга қўйиш ва янги юқори технологияли ишлаб чиқаришни ташкил қилиш орқали айрим турдаги маҳсулотлар импорти ўрнини босишга қаратилган лойиҳалар бўйича тақдимотлар ўтказилди.


Айрим тармоқлар, корхоналарда импорт ўрнини босиш юзасидан амалга оширилаётган тадбирлар танқидий кўриб чиқилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун қўшимча имконият топиш мақсадида ички бозордаги таклифни чуқурроқ таҳлил қилиш зарурлиги таъкидланди. Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда импортга қарамликни камайтириш мақсадида тақдим этилган лойиҳаларни маромига етказиш бўйича алоҳида кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, маҳаллий саноат корхоналарига зарур бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида мавжуд саноат объектларининг юклама даражасини ўрганиш ҳамда фойдаланилмаётган имкониятларни аниқлаш муҳимлиги қайд этилди. Шу билан бирга, янги турдаги товарлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ва фаолият кўрсатаётган корхоналарда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш долзарблиги таъкидланди.

Мутасадди раҳбарларга хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардош устунлик томонларини ҳисобга олган ҳолда, алоҳида тармоқлар доирасида ҳамда тармоқлараро ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф қилиш, илғор технологиялар ва техник стандартларни жорий этиш бўйича ишларни фаоллаштириш топширилди.

Учрашув якунида ҳар бир соҳада маҳаллий корхоналар негизида барқарор қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳамда мамлакатнинг саноат салоҳиятини оширишга қаратилган импорт ўрнини босувчи янги инвестициявий лойиҳалар ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

 

Г.Сатторова, ЎзА