Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш–муҳим вазифа
16:58 / 2024-06-06

“Uzbekistan GTL” МЧЖ заводида маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш ҳамда саноатни ривожлантириш мақсадида “Uzbekistan GTL” МЧЖ ва “Шўртан газ- кимё мажмуаси” ҳамкорлигида “Корхоналарни “шатакка олиш” ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш” форуми бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 февралдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ижросига мувофиқ Қашқадарё вилояти ҳокимлиги, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси ҳамда “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “Шўртан газ-кимё мажмуаси” МЧЖ ҳамкорлигида форум ташкил этилди. Форумдан кўзланган мақсад маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш, саноат ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда импорт маҳсулотларни маҳаллий маҳсулотларга алмаштиришдан иборатдир.  

Форумда барча вилоятлардан нефт ва газ саноати, электр энергетикаси, кимё саноати, чарм-пойабзал, тўқимачилик, қурилиш материаллари ва электротехника саноати соҳасида фаолият кўрсатаётган 40 га яқин маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг 500 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари намойиш этилди.  

– Корхонамиз 2018 йилда ташкил қилинган, – дейди “Navkar perlit” МЧЖ таъсисчиси Музаффар Мавлонов. – Биз ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар криоген қурилмаларни изоляция қилиш учун фойдаланилади. 4 хил турдаги маҳсулот ишлаб чиқарамиз. GTL заводи билан 2019 йилдан буён ҳамкорлик қиламиз. Бундан ташқари, нефтни фильтр қилиш учун ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотларимиз тўлиқ импорт ўрнини босувчи маҳсулот ҳисобланади. Илгари ушбу маҳсулотлар импорт қилинган. Келгусида иссиқлик-изоляция панеллари ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Бу каби форумлар биз каби маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга катта имкониятлар эшигини очиши билан аҳамиятлидир.  

Форум давомида маҳаллий тадбиркорларга GTL заводида ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган янги турдаги синтетик ёқилғи маҳсулотлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, ташриф буюрувчилар заводнинг марказий бошқарув биноси ва завод марказий лабораторияси билан яқиндан танишди.  

[gallery-17736]

Форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ масъуллари, икки йирик корхона раҳбарлари– “Uzbekistan GTL” МЧЖ бош директори А.Баҳодиров ва “Шўртан газ-кимё мажмуаси” бош директори Ш.Асланов, масъул мутахассислар ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.  

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг таклиф ва тавсиялари бирма-бир тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берилди.  

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари