French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имомлар “Заковат”да беллашди
21:55 / 2025-09-10

Наманганда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ташаббуси билан Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан тизимдаги диний соҳа ходимлари ўртасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Ҳотамов, вилоят бош имом-хатиби Мусохон Аббосиддинов мазкур танлов имом-хатибларнинг ақлий салоҳияти, ҳуқуқий саводхонлиги, маърифий-ахлоқий ва китобхонлик билимларини синовдан ўтказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Диний соҳа ходимларининг ақлий фаоллигини ошириш, ўзаро жамоавий ҳамфикрлигини қўллаб-қувватлаш, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган “Заковат” ўйинида 14 та жамоа иштирок этиб, танлов ўзига хос қизғин баҳс-мунозараларга бой тарзда кечди. Жараёнларни фахрий меҳмонлар қаторида Наманганга меҳмонга келган Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд Алимов бошчилигидаги мутахассислар ҳам кузатиб борди.

Ўйин натижаларига кўра, Уйчи тумани имомларидан иборат “Ахси” жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Наманган тумани имомларидан жамланган “Ишонч” жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Мингбулоқлик имомларидан шаклланган “Зийраклар” жамоаcи учинчи ўринга лойиқ топилди.

Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоят вакиллигининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА