Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом Мотуридий қаламига мансуб асарлар аниқланиб, рўйхати тузилган
17:50 / 2025-07-07

Маълумки, юртимизда аллома ва мутафаккирларимизнинг бой меросини тадқиқ ва тарғиб этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 14 мартдаги «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида бугунги кунда ушбу буюк алломанинг ҳаёти ва илмий мероси янада чуқур ўрганилмоқда. Имом Мотуридий таълимоти — ақл, тафаккур, бағрикенглик ва мўътадилликни тарғиб этувчи бўлиб, у нафақат ислом илм-фанида, балки инсоният тараққиётида ҳам долзарб аҳамиятга эга.

Қарорда мотуридийлик таълимотининг бағрикенглик ва мўътадил тамойиллари халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги орасида кенг тарғиб қилиниши кўзда тутилган. Шунингдек, алломанинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш каби муҳим мақсадлар белгиланган.

Абу Мансур Мотуридий калом, фиқҳ ва тафсир илмларининг етук билимдони саналади. Аллома 870 йилда Самарқанд яқинидаги Мотурид қишлоғи, ҳозирги Жомбой туманида таваллуд топган. Манбаларда олим «Ҳидоят имоми», «Калом олимларнинг етакчиси» сифатида эътироф этилади. Унинг илмий қарашлари асос бўлган мотурудийлик таълимоти ақидавий масалалардаги тушунмовчиликларга аниқлик киритувчи мустаҳкам илмий асосларга эга.

Унинг «Китобат-Тавҳид», «Таъвилот ал-Қуръон», «Китоб ал-мақолот», «Китоб ал-жадал», «Китоб моахаз аш-шарўи» каби асарларида ақида ва фиқҳ масалаларига оид чуқур қарашлари баён этилган. Аллома 944 йилда вафот этган ва Самарқанддаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Аллома вафотидан сўнг Абу Лайс Самарқандий, Абул Баракот ан-Насафий, Имом Паздавий, Абулмуъин ан-Насафий каби олимлар у ҳақида ўз асарларида кенг тўхталиб ўтган. Жумладан, шогирди Абулмуъин ан-Насафийнинг «Табсират ал-адилла» асарида Имом Мотуридий ва унинг таълимоти ҳақида муҳим маълумотлар мавжуд.

Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, агентлик томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида Имом Мотуридий қаламига мансуб 45 та қўлёзма асар аниқланиб, рўйхати тузилган. Ушбу қўлёзмалар Буюк Британия, Германия, Миср, Россия, Саудия Арабистони, Сурия ва Туркия каби мамлакатларда сақланмоқда.

Хусусан, «Ўзбекистонга оид Ал-Азҳар университети кутубхоналаридаги қўлёзмалар реестри»да Мотуридийлик таълимотига оид 300 дан ортиқ қўлёзма ҳақида маълумотлар жамланган.

Бу эса юртимиз олимларининг илмий мероси мусулмон оламида юксак қадрланишини кўрсатади.

Улуғ мутафаккир алломанинг динлараро, мазҳаблараро тотувлик ғоялари, эзгуликка йўғрилган асарлари нафақат юртимиз, балки бутун жаҳонда барқарор тинчликни қарор топтиришда дастуриламалдир.

А.РУСТАМОВ, ЎзА