Миллий матбуот марказида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 6 ойлик фаолият якунлари ва йилнинг II ярмидаги режалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов 2024 йилнинг I ярмида илмий-тадқиқотлар ва қўлёзмаларни ўрганишга оид ишлар юзасидан маълумот берди.
Таъкидланганидек, Имом Бухорий, Абул Баракот Насафий, Абу Ҳафс Умар Насафий, Иброҳим Саффор Бухорий каби алломалар қаламига мансуб 13 та ноёб қўлёзма асар таржима қилинди.
Имом Бухорийнинг “Биррул волидайн”, “Халқу афъолил ибод” асари, “Саҳиҳи Бухорий шарҳи” (3-жуз), марказ илмий ходими Сухроб Эргашевнинг “Ўзбекистон маориф тизимида Бош вақф бошқармасининг ўрни (XX асрнинг 20-йиллари)” каби 4 та китоб нашр этилди.
Имом Бухорийнинг “Ал-Қироатул халфал имом”, “Китобуз зуафо”, “Китобул куна”, “Китобул ашриба”, “Ал-Қироатул халфал имом” асарлари, Абу Лайс Самарқандийнинг “Тафсири Самарқандий”, Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг “Муснади Шоший”, Иброҳим Саффор Бухорийнинг “Талхисул адилла”, илмий ходимлар Отабек Баҳриевнинг “Муслимнинг ахлоқи”, Ҳусен Мирзоаҳмадовнинг “Гўзал хулқ”, Равшан Элмуродовнинг “Жамиятдаги иллатлар ва уларнинг ечимлари”, Обид Хурсандовнинг “Мотуридийлик ҳақиқати” каби 12 та китоб нашрга тайёрланди.
Имом Доримий, Ҳаким Термизий, Абу Баракот Насафий, Абу Лайс Самарқандий, Қаффол Шоший, Бурҳонуддин Марғиноний, Маҳмуд Замахшарий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Заҳириддин Бобур каби буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти ва фаолиятига оид “10 ҳақиқат” рукнида 10 та плакат ва 10 та халқчил рисола (160 бет) тайёрланди.
Юртимиз китоб фондларида сақланаётган ислом таълимоти, тарихи ва маданиятига оид қўлёзма асарларни долзарблиги бўйича таснифлаш ва уларни ўрганиш, Ўрта Осиёдан етишиб чиққан мутафаккир ва алломаларнинг мамлакатимиз ва хорижий давлатларда сақланаётган асарларини жамлаш ва тадқиқ этиш йўналишида эса жорий йилда аҳолидан 10 та қўлёзма китоб сотиб олинди, 5 та қўлёзма ва 5 та тошбосма китоб ҳадя сифатида қабул қилиб олинди.
Дунё кутубхоналарида сақланаётган Имом Бухорий қаламига мансуб 3300 та қўлёзма асарнинг реестри лотин алифбосида тузилди. Имом Бухорий “Жомиъ ас-саҳиҳ” асарининг хорижий давлатлар қўлёзма фондларида сақланаётган 200 та қўлёзма нусхаларининг электрон нусхалари жамланди.
“Саҳиҳул Бухорий” асарининг 100 та қўлёзма нусхаси аннотацияси тайёрланди. Марказ фондида сақланаётган 400 га яқин қўлёзма асарнинг аннотацияси тайёрланди ва улардан 39 таси марказ сайтига жойлаштирилди.
Аллома ва мутафаккирларимизнинг Туркия ва Ҳиндистон кутубхона фондида сақланаётган 310 та қўлёзма асарлари рўйхати шакллантирилди. Марказ қўлёзмалар фондида сақланаётган 51 та китоб (79 та асар) жами 9079 варақнинг электрон нусхаси тайёрланди. 125 та қўлёзма китоб консервация қилинди.
2024 йилнинг ўтган даври мобайнида марказ жами 3 та, яъни АҚШ Тинчлик институти, Туркиянинг «Диёнат» вақфи ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM), Туркия Қўлёзма асарлар бош бошқармаси билан ҳамкорликка оид Англашув меморандумларини имзолади.
Австрия Фанлар Академияси ҳузуридаги Эроншунослик институти билан ҳамкорликда “Мўғуллар ва Темурийлар даврига оид Ўрта Осиё қўлёзмалари (XIII-XV асрлар)” мавзусида халқаро конференция ва Туркиядаги “Diyanet” вақфи ҳузуридаги Ислом тадқиқотлари маркази (ISAM) билан ҳамкорликда “Ҳанафийлик мазҳаби бўйича тўртинчи йиллик халқаро конференция” ўтказилди.
АҚШ Тинчлик институти ҳамкорлигида Марказ илмий жамоаси учун “С5+1” формати доирасида “Тинчлик учун педагогика” мавзусида, Франциянинг “College de Frаnсе” ўқув-тадқиқот муассасаси ва Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси билан ҳамкорликда “Ўрта Осиё қўлёзмалари кодикологияси элементлари” мавзусида, Туркиянинг Мармара университети билан ҳамкорликда “Турк абруси тарихи” мавзусида 3 та халқаро семинар-тренинг ташкил этилди.
Марказ томонидан нашр қилинган китобларнинг Германиядаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамда Қўлёзма маданиятини ўрганиш марказида, Жазоирнинг Лагуат шаҳридаги Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот марказида, Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий номидаги қозоқ-турк халқаро университети ҳамда Қирғизистондаги Қирғизистон-Туркия Манас университети билан ҳамкорликда жами 4 та халқаро тақдимот ўтказилди.
“Ҳадис маърифати” рукнида, “Одамларни фосиқлик ва кофирликда айблашдан огоҳ бўлинг!”, “Кишиларга озор бермаслик”, “Кексаларнинг қадрини билиш, ҳурмат қилиш динимиз талаби”, “Ота-онага яхшилик қилишнинг фазилати тўғрисида” каби долзарб мавзуларда 77 та видеодарс тайёрланди.
“Youtube” видеохостингида Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган диний оқим вакилларининг турли диний маърузаларига оид 500 дан ортиқ материал кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бири юзасидан илмий-таҳлилий маълумот тайёрланди.
Айни пайтда давом этаётган ишлардан ташқари Имом Бухорий “Ат-Тарихул кабир” асарининг 3 ва 4-жилдлари таржима қилинади, Абул Баракот Насафийнинг “Тафсири Насафий” китоби ҳамда марказ фондида сақланаётган қўлёзма асарларнинг каталоги, шунингдек, “Саҳиҳул Бухорий” асарининг дунё кутубхона фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари каталоги нашрга тайёрланади.
[gallery-18148]
Ўқув-семинарлар ташкил этиш орқали диний соҳа ходимларининг ақидапарастлик, экстремизм ва миссионерликка қарши кураш борасидаги билим ва кўникмалари оширилади.
Халқаро алоқалар йўналишида Брунейдаги Сери Бегаван университети билан ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланади.
Жазоирдаги Ислом фанлари ва цивилизацияси тадқиқот маркази ва Саудия Арабистонидаги Файсал номидаги номидаги тадқиқот ва исломшунослик маркази, шунингдек, Ўмон Султонлигининг Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий бошқармаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Хорижий мамлакатларнинг архив ва кутубхона фондларида сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб қўлёзма асарларнинг электрон нусхаларини олиш учун Ташқи ишлар вазирлиги, дипломатик ваколатхоналар орқали алоқалар йўлга қўйилиб, мутахассисларнинг ушбу фондларга илмий сафарлари ташкил этилади. Музей янги экспонатлар билан бойитилади.
Н.Усмонова,
О.Пардаев (сурат), ЎзА