Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом Бухорий мажмуаси маънавият ва илм маскани бўлади
18:26 / 2022-08-25

Давлатимиз раҳбари 23-24 август кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида ҳар галгидек Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, муҳаддислар султонининг қабрини зиёрат қилди.

Айни пайтда бу қутлуғ зиёратгоҳ Президентимиз ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг мусулмон оламидаги юксак ҳурматига муносиб тарзда қайта қурилмоқда. Давлатимиз раҳбари ушбу жараёнлар билан танишиб, “Бу лойиҳани кўп муҳокама қилдик, қайта-қайта келиб кўрдик. Энди қурилишда ҳам шошмаслик керак. Ҳам зиёрат, ҳам ибодат нуқтаи назаридан бу ерда ҳамма шароит бўлиши зарур”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари мажмуа ёнида Имом Бухорий ҳаётини кўрсатувчи электрон музей ташкил этиш таклифини билдирди. Унда буюк муҳаддиснинг ҳаёти, илм йўли, ўша давр тарихи ахборот технологиялари орқали кўрсатилади. Бу музей халқимизга яна бир маънавий хазина бўлади. Президентимиз ушбу жой фақат бино ва иншоотлардан иборат маскан бўлиб қолмасдан, инсонларнинг қалбини забт этадиган, айниқса ёшларни ҳаётда адашмасдан, тўғри йўлни топишларида хизмат қилувчи илмий даргоҳ, илм ўчоғи бўлиши лозимлигини таъкидлади. Чунки бу жойда гўзал иншоотлардан ташқари, маънавият, илму ирфон тараннум этиб турилади. Унинг ҳар бир гўшасида ўзига хос маъно бўлади.

Имом Бухорий ҳазратларининг равзаларига бораверишда 74 та устун орасида муҳаддис бобомизнинг “Саҳиҳи Бухорий”, “Адабул муфрад” асарларида келтирилган дину диёнат, одоб-ахлоқ, маънавият, одамийликка доир ҳадислар ўзбек, араб ва инглиз тилларида ёзиб қўйилади. Зиёратчилар ушбу битикларни ўқиб маънавий озуқа оладилар, ҳаёт мазмуни ва моҳиятини англайдилар.

Мажмуа ёнидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари, олий ҳадис мактаби тингловчилари ўзларининг амалий машғулотларини ушбу қутлуғ масканда олиб боришлари режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари мажмуа келгусида қорилар томонидан кечаю кундуз, узлуксиз равишда Қуръони карим оятлари тиловат қилиб турилиши, Имом Бухорий ҳазратларининг асрларидан жой олган 7000 дан зиёд саҳиҳ ҳадислар бу жойда мутолаа ва таржима қилиниши, бу жараённи тўғридан-тўғри эфирга узатиб турадиган медиа студия ташкил этилишини таъкидлади. Режалар улкан, худо хоҳласа улар амалга ошади. Бу эзгу ниятлар, улуғвор ишлар Имом Бухорий ҳазратларининг бундан ўн икки аср муқаддам динимиз ва илм-маърифат ривожига қўшган беқиёс хизмати учун буюк олимга чуқур ҳурмат-эътибор рамзидир.

Зайниддин Эшонқулов,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси вакили,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби

ЎзА