Пайариқ туманида янгидан бунёд этилаётган Имом Бухорий мажмуаси ва унинг атрофидаги гўзал манзаралар, бетакрор бино ва иншоотлар акс этган сурат ва лавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқала бошлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан беш йил аввал Имом Бухорий мажмуасини улуғ муҳаддис бобомизнинг ислом оламидаги ўрни ва нуфузига мос тарзда барпо этиш борасидаги ҳаракатлар натижаси бугун кўзга кўриниб қолди. Зиёратгоҳ бутунлай қайта қурилиб, буюк муҳаддиснинг маҳобатли мақбараси ва 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, замонавий технологиялар асосида яратилган музей, маъмурият ва хизмат кўрсатиш бинолари, мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 75 метр бўлган тўрт минора қад ростлади. Зиёратгоҳ атрофида эса бир нечта меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмулари барпо этилди.
Янги мажмуага монанд унинг атрофидаги Хўжа Исмоил маҳалласи ҳам обод қилиниб, кўркам қиёфага кирмоқда. Янги йўл ва кўчалар, хизмат кўрсатиш масканлари, ресторан ва кафелар, автотураргоҳлар ташкил этилмоқда.
– Ҳудуддаги ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари жараёнида 200 ўринли маданият уйи, маҳалла маркази, фавқулодда вазиятлар бўлими бинолари қурилди, – дейди Самарқанд вилоят ҳокимлиги масъули, ҳудудни ободонлаштириш бўйича вилоят штаби раҳбари Алишер Раимжонов. – Бўйрачи, Нўғой ота, Понг, Хўжа Исмоил қишлоқларидаги 38 километр ички йўлларига тош-шағал тўшалиб, асфальтлаштирилмоқда. 54 та ички кўча таъмирланиб, барча хонадонларга янгидан табиий газ, электр, сув, оқова ва бошқа коммуникация тармоқлари тортилди. Жумладан, Понг қишлоғидаги 400 та аҳоли хонадони ва уларнинг атрофи ободонлаштирилди. Ариқлар бетонлаштирилиб, йўл ёқаларида кенг миқёсда кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вилоят филиали томонидан 25 та трансформатор янгиланди, 211,1 километр электр тармоқлари тортилди. Мажмуа ва аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 25 минг КВа қувватга эга янги нимстанция қурилди.
Маҳалла ҳудудида иш бошлаши кутилаётган ўндан ортиқ меҳмонхона, автотураргоҳ, ошхона, савдо дўконлари ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 45 километр янги тармоқ тортилди. Тажриба сифатида кўчалардаги симёғочлар олиб ташланиб, барча электр тармоқлари ёпиқ кабеллар орқали ер остидан ўтказилмоқда.
Абу-Даби тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан Понг ва Хўжа Исмоил қишлоқларини боғловчи 2,6 километр йўл таъмирланиб, унинг 500 метр қисмига асфальт ётқизилди. Иккита кўприк қурилиши якунига етмоқда.
Мажмуа атрофида ўнта фаввора қурилди, йўл асослари бетонлаштирилиб, пиёдалар йўлакларига гранит ғиштлар терилмоқда.
– Корхонамиз томонидан мажмуани айланиб ўтадиган 4625 метр масофада янги автомобиль йўли қурилди, – дейди “Меъмор Ўткир Човка” МЧЖ иш бошқарувчиси Нурбек Болиев. – Айни вақтда 10 километр пиёдалар ва велойўлакларида сўнгги юмушлар бажарилмоқда. Йўлнинг икки томонида гулзор ташкил этилди, маҳаллий ва хориждан келтирилиб, иқлимимизга мослаштирилган манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда. Уларни суғориш тизими яратилди.
Ҳудуддаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари давомида 55 та хонадон бошқа жойга кўчирилиб, уй эгаларига шу яқин атрофдан ер ажратилди, компенсация пуллари тўлаб берилди.
– Маҳалламизнинг Шуҳрат кўчасидаги 22 та, Э.Воҳидов кўчасида эса 33 та хонадон кўчирилди, – дейди Пайариқ тумани Хўжа Исмоил маҳалласи раиси Жамол Назиров. – Уй эгалари берилган компенсация пулларига кўп қаватли уйлардан хонадон сотиб олишди, ажратилган ер майдонларида уй-жой қуришди. Кўчириш жараёнида ҳеч бир фуқаро норози бўлган эмас, ҳаммаси ажратилган уй-жой ва берилган пулдан рози. Энг муҳими, маҳалламизнинг обод бўлиб шаҳарча кўринишига келганидан халқимиз хурсанд.
Раҳим Мамасолиев хонадонида иккита оила яшайди. Кўчириш ишлари бошлангач, ажратилган маблағга ер участкаси сотиб олиб, иккита алоҳида ҳовли қуриб олишди.
– Янги ҳовлимиз марказий кўчага яқин, – дейди Р.Мамасолиев.– Ажратилган маблағ иккита оила учун замонавий лойиҳалар асосида уй-жой қуриш учун етарли бўлди. Уйимиз табиий газ, электр, ичимлик суви, ҳатто марказий канализация тармоғига уланган.
[gallery-25875]
Айни пайтда Исом Бухорий мажмуасида сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилаётгани каби Хўжа Исмоил маҳалласини ободонлаштириш тадбирлари ҳам якунига етмоқда. Аҳоли янгидан бунёд этилган зиёратгоҳнинг очилиш маросими ва маҳалланинг йирик сайёҳлик марказларидан бирига айланишини интиқ кутмоқда. Бу орқали ҳудудда янги иш ўринлари очилади, аҳоли даромадлари ошади.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА