Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом Бухорий асарлари мукаммал ўрганилиб, тарғиб этилмоқда
15:52 / 2024-10-10

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Имом Бухорийнинг “Китобуз зуафоис сағир” (Заиф ровийлар ҳақида кичик китоб) асари илк бор ўзбек тилига таржима қилиниши юзасидан брифинг ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ахборот хизмати раҳбари Шерзод Маматов ушбу мавзу юзасидан батафсил маълумот берди.

Таъкидланганидек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан муҳаддислар султони – Имом Бухорийнинг “Китобуз зуафоис сағир” (Заиф ровийлар ҳақида кичик китоб) асари халқимиз тарихида биринчи бор ўзбек тилига ўгирилди.

Китоб ҳадис илмига оид бўлиб, заиф даражали ҳадис ровийларини аниқлашга бағишланган. Унда 418 нафар ровий ҳақида маълумот жамланган. Асар алифбо тартибида ёзилган бўлиб, ровийлар ҳақидаги маълумотлар қисқа ва аниқ тарзда келтирилган. Ўз даврида уламолар ушбу китобдан энг ишончли ва заиф ровийларни аниқлашда муҳим манба сифатида фойдаланган.

Ҳадисларни саралаб, ишончлисини тўплаш ниҳоятда машаққатли иш бўлиб, муҳаддисдан ровийлар тарихи, шахси ва сифатларини чуқур билиш талаб этилган. Ҳадиснинг саҳиҳлиги, яъни ишончлилик даражаси санаддаги (силсиладаги) ровийнинг ишончли ва омонатдорлигини аниқлаш билан маълум бўлади. Лекин қайсидир ровий ишончли деб эътироф этилса, бошқаси заиф деб топилиши мумкин. Имом Бухорийнинг бу китоби даражаси заиф ровийларни аниқлаш, умматни уларнинг ҳадисларидан ҳукм олишдан асраш мақсадида ёзилган илк асардир.

Таржимани тайёрлашда китобнинг дунё фондларида сақланаётган барча нусхалари ўрганилди, қиёсий таҳлил этилди. Жаҳоннинг етакчи уламолари билан илмий маслаҳат ва семинарлар ўтказилди.

Янги китобни илмий жамоатчиликка етказиш мақсадида жойларда тақдимотлар ўтказиш режалаштирилган.

Китоб буюк аллома аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан нашр этилади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан шу вақтга қадар алломанинг “Саҳиҳул Бухорий”, “Ат-Тарихус сағир“, “Биррул волидайн” ва “Халқу афъолил ибод” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилди. Муҳаддислар султонининг қолган асарларини ҳам таржима қилиш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Мазкур илмий лойиҳалар давлатимиз раҳбарининг 2017 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқидаги таклиф ва ташаббуслари асосида амалга оширилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Алломалар илмий меросини тадқиқ этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича “Йўл харитаси” ижроси юзасидан ислом маърифати ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз асарларини ўзбек тилига таржима қилиш, халқимизга етказиш ва халқаро илмий доираларда кенг тарғиб қилиш бўйича ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.

Н.Усмонова, ЎзА