Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Анқара университети билан ҳамкорлик қилади
Жорий йилнинг август, сентябрь ойларида онлайн тарзда ўтказилган мулоқотлар натижасида яқинда Туркиянинг Анқара ижтимоий -гуманитар фанлар университети исломшунослик факультети билан ҳамкорликка доир англашув меморандуми имзоланди.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази юртимизда коронавирус хавфи туфайли жорий қилинган карантин даврида ҳам бошқа идора ва ташкилотлар сингари ўз фаолиятини изчил давом эттириб, хорижий мамлакатлардаги халқаро ҳамкорлари ва нуфузли илм-фан марказлари билан онлайн тарзда семинар ва конференциялар ташкил этиб келмоқда.
Жорий йилнинг август, сентябрь ойларида онлайн тарзда ўтказилган мулоқотлар натижасида яқинда Туркиянинг Анқара ижтимоий -гуманитар фанлар университети исломшунослик факультети билан ҳамкорликка доир англашув меморандуми имзоланди.
Марказ ахборот хизматининг хабар беришича, меморандумни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Анқара ижтимоий – гуманитар фанлар университети исломшунослик факультети декани профессор, доктор Али Усмон Курт имзолади.
Келишувга кўра эндиликда ҳар икки мамлакат илмий муассасалари ҳадис илмининг ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк ватандошимиз Имом Бухорий ва бошқа мутафаккирларнинг бой маънавий меросини ўрганиш, илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган конференция, семинар, кўргазма ва тренинглар ташкил этиш, икки муассаса ходимларининг ўзаро тажриба алмашиши ва малака ошириши ва нашр ишлари учун кенг шароитлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Шу тариқа марказнинг халқаро ҳамкорлари сони 28 тага етди.
Таъкидлаш жоиз, Анқара ижтимоий – гуманитар фанлар университети ижтимоий фанлар соҳасида Туркиянинг биринчи ва ягона давлат университети ҳисобланади.