French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Имом ал-Бухорий маҳалласидаги мўъжиза
16:34 / 2026-01-13

Бухоро шаҳрининг тарихий ва замонавий ривожланишини ўзида мужассам этган ҳудудларидан бири Имом ал-Бухорий маҳалласидир. Бу маҳалланинг асосий драйвери ҳунармандчилик ва тадбиркорлик саналади. Маҳалла иқтисодиётини кўтариш, аҳоли даромадини ошириш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар бугун ўзига хос натижаларни бермоқда.

Маҳалла еттилиги томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” лойиҳаси асосида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маҳаллада ҳунармандчиликнинг гиламдўзлик, тикувчилик, мис ўймакорлиги шунингдек, меҳмонхона йўналишида ҳам иш юритаётганлар анчагина. Жумладан, Нигора Ёдгорова ўн бир йилдан буён қоракўл терисидан турли хилдаги бренд маҳсулотлар тайёрлаб, бу ҳунарни янги босқичга олиб чиқмоқда. 

– Биз тадбиркорларга жуда ҳам кўп имкониятлар берилди, – дейди тадбиркор Нигора Ёдгорова. – Савдони амалга ошириш, чет элга маҳсулотларни олиб чиқиш бўйича имкониятлар яратилган. Келгусида цехимни кенгайтириб, янги иш ўринларини яратишни режалаштирганман. Ҳозирда, миллий либослар, қоракўл теридан ва бошқа мўйналардан бош кийимлар тайёрлаймиз, шунингдек, патдўзлик ишларимиз ҳам бор. Шунингдек, уйда ўтирган аёлларни ҳам иш билан таъминлашни мақсад қилганман.   

Гиламдўзлик корхонасида маҳалланинг кўплаб аёллари иш билан банд. Улар икки сменада фаолият юритади ва ўз касбларини чин дилдан севишади. Ҳар бир гилам уларнинг меҳри, маҳорати ва эътибори билан тўқилган ҳақиқий санъат асаридир.

– Ҳунарни ўрганаман деб келган хотин-қизларга ҳамма қирралари бошдан ўргатилади, – дейди ҳунарманд Шаҳноза Актамова. – Бухоронинг нақшлари бошқача. Бу нақшга сайёҳлар ҳам кўп қизиқади. Камида 12-13 хил ранглари бўлади. Ҳамма рангларни ишлатишга ҳаракат қиламиз. Меҳнатига қараб 3-5 миллионгача ойлик маош олишади. 

Бухоро гиламларидаги ҳар бир нақшларда табиат, бахт, қувват, оила ва ризқ-рўзга доир рамзлар мужассам. Шунинг учун гилам нафақат безак, балки маънавий қўрғондир. Гиламдўз усталар эса ушбу бебаҳо меросни келажак авлодга етказаётган ҳақиқий устозлардир. Тикувчилик цехида ҳам 30 нафардан зиёд аёл доимий иш билан таъминланган. Улар асосан сайёҳларга, меҳмонларга ёқадиган миллий услубдаги либослар ва эсдалик совғалари тайёрлайди. Улар ишлаётган ушбу корхона маҳалланинг иқтисодий юрагидек, доимо ҳаракат ва эътиборда.

Қадим даврлардаёқ Бухоро воҳасида аёллар адрасни ардоқлаб, уни ҳар кунги кийимидан тортиб, тўй-ҳашамлар либосларигача қўллаган. Вақт ўтиши билан унинг юзлаб нусхалари, хилма-хил нақш ва услублари яратилди. Дўконга ташриф буюрган маҳаллий мижозлар айниқса, чет эллик сайёҳлар бу маҳсулотларга катта қизиқиш билан қарашади. Чунки ҳар бир адрас матоси бу шунчаки либос эмас, балки кўнгилга илиқлик бағишловчи Бухоро тарихининг рангли ҳикоясидир.

Маҳалладаги тадбиркор Қудрат Ҳожиев ташаббуси билан ўз ҳовлисида ташкил этилган меҳмонхона қошида ҳозирча миллий таомлардан Бухороча оши софи шаҳарлик мижозлар ва меҳмонлар учун махсус тайёрланиб, тортиқ қилинмоқда. Меҳмонхонада бўлган ҳар қандай инсон ҳақиқий миллий руҳдан ором олади, табиий ва экологик тоза маҳсулотлардан баҳраманд бўлади. 

Мис кандакорлиги устаси бўлган Анвар Қурбонов эса маҳалланинг фахри. Бу ҳунар унга отасидан мерос. Бугунги кунда у бир нечта шогирдларни тарбиялаб, миллий меросимиз давомийлигига ҳисса қўшмоқда. Унинг ҳар бир буюмида уста меҳнати, сидқидилдан қилинган изланиш ва беназир санъат сирлари яширинган.

Анвар Қурбонов яратган санъат асарларини айниқса, Эрон, Покистон, Арабистон ва ҳиндистонлик сайёҳлар севиб харид қилади. Уста яратган бетакрор нақш жилоларидан баҳраманд бўлиб, ҳунарманд меҳнатига тасаннолар айтишади. Ҳа, ушбу маҳаллада Анвар Қурбонов каби гўзаллик яратувчилари кўпчиликни ташкил этади. 

[gallery-27090]

Имом ал-Бухорий маҳалласи бугунги кунда нафақат Бухоронинг, балки мамлакатимиз маданий-ҳунармандчилик анъаналарининг ҳам мустаҳкам қўрғонига айланиб бормоқда. Бу ерда амалга оширилаётган ҳар бир ташаббус меҳнатсевар одамлар, уста-ҳунармандлар ва тадбиркорларнинг меҳнати ҳамда маҳалла жамоасининг бирдамлиги маҳсулидир.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.