Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Иммунология ва инсон геномикаси институти ташкил топганининг 40 йиллигига бағишланган “Иммунология – XXI аср тиббиётининг асоси” III Халқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференция Ўзбекистон Фанлар академиясининг етакчи илмий марказларидан бири бўлган Иммунология ва инсон геномикаси институти томонидан ташкил этилди. Институт мамлакатда иммунология, тиббий генетика ва биотехнология йўналишларининг илмий мактабини шакллантирган, иммун тизими билан боғлиқ касалликларни ўрганиш, диагностика ва даволаш бўйича халқаро миқёсда эътироф этилган илмий муассаса ҳисобланади.
Тадбирнинг асосий мақсади иммунология ва унга яқин фан соҳаларидаги замонавий илмий ютуқларни муҳокама қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ёш олимлар ва амалиётчи шифокорларнинг илмий фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.
[gallery-25757]
Конференцияда Ўзбекистон, Россия, Хитой, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркия, Корея Республикаси ва бошқа давлатлардан 200 дан ортиқ олимлар, шифокор ва тадқиқотчилар иштирок этди. Улар орасида нуфузли илмий марказларнинг раҳбарлари, академиклар ва профессорлар бор.
Мазкур конференция Иммунология ва инсон геномикаси институтининг 40 йиллик фаолияти давомида эришилган ютуқларни нишонлаш билан бир қаторда, Ўзбекистонда фундаментал ва клиник иммунологиянинг янги босқичга чиқаётганини ифодалайди. Академик Тамара Арипова раҳбарлигида институт ҳозирги кунда замонавий иммунодиагностика, геном таҳлили, молекуляр биотехнология ва клиник тадқиқотларни уйғунлаштирган йирик илмий марказга айланган.
Тадбир Ўзбекистон илмий салоҳиятининг халқаро нуфузини янада оширади, ҳамкор мамлакатлар ўртасида илмий алоқаларни мустаҳкамлайди ва янги инновацион лойиҳалар учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА